Туркиядаги даҳшатли зилзилада алгоритм ишламаган: орадан икки йил ўтиб Google хатосига иқрор бўлди

Google компанияси унинг хатоси туфайли Туркияда 2023 йилда 10 миллионга яқин одам кучли зилзила ҳақида огоҳлантириш олмаганига иқрор бўлди.
Агар хатолик юз бермаганида ва тизим тўғри ишлаганида одамлар қутулиш учун қўшимча 30 сония вақтга эга бўларди.
Android операцион тизимли смартфонларга ўрнатилувчи Android Earthquake Alerts (AEA) тизими ер ости силкинишлари ҳақида олдиндан хабар беришга мўлжалланган. Бироқ 2023 йил 6 февралида Туркиядаги вайронкор зилзила чоғи бу тизим панд берди. Тунда шошилинч огоҳлантириш — Take Action («Чора кўринг») ўрнига, Be Aware («Ҳушёр бўлинг») хабари жўнатилган.
Икки огоҳлик хабари мутлақо фарқланади: Take Action жуда баланд сигнал билан боради, ҳатто ухлаётган одамни уйғотади, Be Aware — ундай эмас. Бундан ташқари, «Безовта қилманг» режими ёқилган смартфонлар Be Aware сингари ўта шошилинч бўлмаган хабарларни акс эттирмайди.
Google иқрорига кўра, юқорида тилга олинган хатолик сабабли қарийб 10 млн киши зарур хабарни олмаган.
AEA тизими смартфонлардаги акселерометрлар ҳисобига ишлайди. Агар қурилма зилзилага хос силкинишларни қайд этса, сигнални геолокация билан қўшиб серверга жўнатади. Алгоритмлар минглаб смартфонлардан келган маълумотларни таҳлил қилиб, ер ости силкинишлари мавжудлигини ва уларнинг кучини аниқлайди.

Туркиядаги фожиали тунда тизим ер ости силкинишларини қайд этган, аммо уларнинг кучига тўғри баҳо бермаган: 7,8 магнитудали биринчи зилзила 4,5–4,9 балли дея баҳоланган. Шунинг учун фойдаланувчиларга Take Action ўрнига кучсизроқ огоҳлик сигнали жўнатилган.
BBC маълумотига кўра, Take Action сигнали фақат 8 158 та смартфонга юборилган, Be Aware эса — тахминан тўрт миллонта қурилмага етиб борган. Иккинчи кучли зилзилани ҳам тизим кам аҳамиятли дея қайд этган.

Фото: EPA
Агар хабар тўғри жўнатилганида эди, миллионлаб одамларда биноларни тарк этиш ёки хавфсиз жойларга қочиш учун қўшимча 30 сония атрофида вақт бўларди. Эслатиб ўтамиз, Туркиядаги 2023 йилги зилзила қурбонлари сони 55 минг нафардан ошган, қарийб 100 минг киши жароҳатланган. Табиий офат қўшни Сурияга ҳам катта талафот етказган.
Маълумот ўрнида: Google тадқиқотчиларига кўра, ўтказилган таҳлиллар тизимнинг ишлашини сезиларли тарзда яхшилади — AEA тизими ишлаётган мамлакатлар сони 98 тага етган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter