Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Уйимиздаги чироқнинг хавфи ёхуд деразага парда тутишни унутманг!

Уйимиздаги чироқнинг хавфи ёхуд деразага парда тутишни унутманг!

Фото: «forbes.com»

Исроиллик олимлар уй чироқларидан (лампочка) айғоқчиликда фойдаланиш мумкинлиги ҳақида маълум қилишди. Хонадаги суҳбатни эшитиш ёки ёзиб олиш учун махсус қурилма билан катталаштирувчи ускуна керак, холос, дея хабар берди «Forbes».

Исроилдаги Бен-Гурион университети ҳамда Вейцман институти олимлари оддий маиший чироқлар орқали товушни эшитиш мумкинлигини аниқлашди. Айғоқчилик қилиш учун хакерларга ўзига хос қурилма билан катталаштирувчи ускуна, масалан, телескоп керак бўлади. Ёвуз ниятли кимсалар телескопни уйдаги чироққа йўналтириб, хонадаги одамларнинг суҳбатига қулоқ тутиши ёки ёзиб олиши мумкин.

Мазкур усул чироқ юзасида инсон нутқи ёки бошқа товушлар келтириб чиқарадиган ҳаво босими тебранишларини ҳисоблашга асосланади. Қабул қилинаётган сигнал махсус алгоритмда тикланиб, расшифровка қилинади ва товушга айлантирилади. Тажриба чоғида тадқиқотчилар объектдан субъектгача бўлган 25 метр масофада инсон нутқини бемалол аниқлай олишган. Телескоп ёки шунга ўхшаш бошқа асбоб-ускуналар ёрдамида бу масофани яна-да узайтириш мумкин.

Олимларнинг таъкидлашича, айғоқчиликнинг мазкур усули нисбатан серхарж ҳисобланади. Негаки, уни қўллаш учун нафақат ўзига хос билим ва тажриба, балки 1000 долларча турадиган махсус жиҳоз керак бўлади. Шунингдек, телескоп билан чироқ орасида визуал алоқа бўлмаса, мисол учун, деразага парда тутилган бўлса, овоз эшитилмайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг