Япония Ўзбекистонга 200 дона замонавий ноутбукларни тақдим этди

Япониянинг "BHN Association" ва "NTT TC Leasing" нотижорат ташкилотлари Ўзбекистондаги олий таълим ва тадқиқот муассасалари учун 200 дона "Toshiba Dynabook" ноутбукларини беғараз тақдим этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
"Ёшлар ташаббуси платформаси: академик мукаммалликни ошириш" номли ушбу лойиҳа Япония Ҳукумати гранти асосида амалга оширилади. Унинг умумий қиймати 485 минг АҚШ долларини ташкил этади. Компьютерлар Ўзбекистондаги 8 та етакчи университет ва илмий-тадқиқот муассасаларига топширилади.
Мазкур грант лойиҳаси япон томони билан ҳамкорликда амалга оширилган Ўзбекистон таълим муассасаларини замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозлашга қаратилган учинчи йирик дастур ҳисобланади. 2021–2022 йилларда 1420 дона "Samsung" планшетлари, 2023 йилда эса 80 дона "Apple" ва "Windows" компьютерлари Ўзбекистонга тақдим этилган эди.
Мазкур учинчи босқични амалга оширишда Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси ва Ўзбекистон–Япония ёшлар инновация маркази катта ташаббус кўрсатди.
Лойиҳа нафақат мамлакатларимиз ўртасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга, балки Ўзбекистонда рақамли таълим инфратузилмасини ривожлантиришга ҳисса қўшади.
Ино Хидэо, Япониянинг "BHN Association" компанияси президенти:
– "BHN Association" ташкилоти Японияда ва хорижда инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш мақсадида ташкил этилган. Фаолиятимиз ижтимоий ривожланишга ҳисса қўшиш, фавқулодда ҳолатларда инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш ва таълим соҳасини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Бу сафар биз Ўзбекистонга 200 дона компьютерларни тақдим этяпмиз. Бу ижтимоий тараққиёт ва таълим соҳасини ривожлантириш мақсадларига мос келади.
Таълим ҳар қандай мамлакат тараққиёти учун асосий омил ҳисобланади. Чунки, таълим олиш имконияти ҳар бир инсонга ўз иқтидорини намоён этишга йўл очади. Мен Ўзбекистон мустақилликка эришган илк кунларданоқ таълим соҳасига устувор аҳамият бериб келаётганини жуда юқори баҳолайман. Албатта, тақдим этилган компьютерлар сони кам бўлсада мамлакат ривожига ҳисса қўшади. Биз Ўзбекистонга бундай жиҳозларни етказиб беришни давом эттирамиз.
Бундан ташқари, мактабларда таълим жараёнини ривожлантириш учун дастурий таъминотни жорий этиш имкониятларини ҳам кўриб чиқишга тайёрмиз. Шунингдек, математика бўйича мутахассислар тайёрлашга қаратилган янги лойиҳани амалга оширишни режалаштиряпмиз.
Конома Казухиса, "BHN Association" компанияси маслаҳатчи:
— Ташкилотимиз 1992 йилда ташкил этилган. "BHN" аббревиатураси "Basic Human Needs" – яъни инсон учун асосий эҳтиёжлар деган маънони англатади. Бу эҳтиёжлар нафақат кийим-кечак, овқат ва турар жойни, балки тиббиёт ва ахборот-коммуникация технологияларини ҳам қамраб олади.
1998 йилда мутахассислар тайёрлашга қаратилган махсус дастурни ишга туширдик. Ўзбекистондан икки нафар мутахассис Японияга келиб, NTT ахборот-коммуникация компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган стажировкага қатнашди. Улар қайтгач, ўз билим ва салоҳиятларини тўлиқ намоён этдилар.
Президент Шавкат Мирзиёев таълим, айниқса иқтидорли математикларни тайёрлашга катта эътибор қаратмоқда. Биз ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёрмиз. 2016 йилда Тошкентдаги АКТ форумида иштирок этдим. У ерда ташкилотимиз фаолияти ҳақида тақдимот ўтказдим. Тошкент ва бошқа тарихий шаҳарларга ташриф буюрдим ва ўзбек халқининг меҳмондўстлиги мени жуда ҳайратлантирди.
Японияда ташкил этиладиган стажировка эса илғор ахборот технологиялари, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, ижтимоий муаммолар ечими, энергетика ва бошқа соҳаларга бағишланади.
Ҳар йили тўққиз мамлакатдан биттадан вакил стажировкага жалб этилади. Жами 20 нафар ўзбекистонлик мутахассис ушбу дастурда иштирок этган. Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги вакиллари ҳам таклиф қилинади.
Шунингдек, доктор Кувабара фондининг стипендия дастури ҳам мавжуд бўлиб, у Япония университетларида магистратурада ўқиш имкониятини беради. Ушбу дастурда GRIPS каби нуфузли олийгоҳларда таҳсил олган ўзбекистонлик талабалар ҳам бор. Биз Рақамли технологиялар вазирлиги ходимларини ушбу дастурда қатнашиш учун ариза топширишга чорлаймиз.
Катаками Канжи, "BHN Association" ижрочи директори:
– 2023 йилда мен бу лойиҳанинг менежери сифатида иш бошладим. Ростини айтсам, аввалроқ Ўзбекистон ҳақида етарлича маълумотга эга эмас эдим. Бироқ, ушбу дастурни амалга ошириш жараёнида ўзбекистонликлар билан яқиндан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлдим ва шу орқали менда Ўзбекистонга нисбатан катта қизиқиш пайдо бўлди.
Японияга стажировка учун келадиган ўзбекистонлик мутахассислар жуда иқтидорли, билимдон ва шу билан бирга катта интилиш ва иштиёққа эга. Уларнинг билим олишга бўлган иштиёқлари бизда катта таассурот қолдиради.
Ўзбекистон келажакда энг тараққий этган давлатга айланади. Биз эса бу йўлда ўз ёрдамимиз ва кўмагимиз билан ҳисса қўшишга тайёрмиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter