Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Украинада ўқ-дори сотиб олиш учун ажратилган 1,5 млрд гривнани талон-торож қилган шахс қўлга олинди

Украинада ўқ-дори сотиб олиш учун ажратилган 1,5 млрд гривнани талон-торож қилган шахс қўлга олинди

Киевда Украина Хавфсизлик хизмати («СБУ») Мудофаа вазирлигининг асосий бўлимларидан бири бошлиғини қўлга олди, у артиллерия снарядларини сотиб олиш учун мўлжалланган 1,5 миллиард гривнани (тахминан 36,2 миллион евро) талон-торож қилишга уринганликда гумонланмоқда

Хабарда таъкидланишича, «СБУ» операцияси Украина мудофаа вазири Рустем Умеров кўмагида амалга оширилган. Тергов маълумотларига кўра, исми ошкор этилмаган гумонланувчи 2022 йил декабр ойида махсус экспорт қилувчи компания билан артиллерия снарядларининг улгуржи партиясини сотиб олиш бўйича шартнома имзолаган. Кейинчалик, ушбу шартнома бўйича, 1,5 миллиард гривнадан кўпроқ маблағ «асоссиз равишда» хорижий ҳисобрақамига ўтказилди. Мазкур ҳолат юзасидан Украина Жиноят кодексининг 114-1-моддаси 2-қисми (Украина Қуролли кучлари ва бошқа ҳарбий тузилмаларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш) бўйича жиноий иш очилган. Агар айбдор деб топилса, гумонланувчи 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Кейинроқ Украина Мудофаа вазирлиги матбуот ва ахборот бўлими бошлиғи Илларион Павлюк телемарафонда идора коррупцион схема натижасида ўқ-дорилар ишлаб чиқарувчи корхонага ўтказилган маблағларни қайтариш устида иш олиб бораётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, «бу шартнома бўйича тўлов амалга оширилган, аммо маҳсулот етказиб берилмаган».

Август ойида президент Зеленский уруш давридаги коррупцияни ватанга хиёнатга тенглаштирувчи қонун лойиҳасини тайёрлаш ниятида эканини айтган эди. Украина Жиноят кодексида давлатга хиёнат қилиш учун 15 йилгача жазо назарда тутилган. Европа Иттифоқи Киев тизимли коррупцияга қарши чораларни кучайтиришини таъкидламоқда.

Май ойида Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси (ККМБ) ва Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратура (КИП) ходимлари Украина Олий суди собиқ раҳбари Всеволод Князевни ноқонуний фойда олгани гумони бўйича ушлаганди.

Аввалроқ, январ ойида ККМБ ва КИП ходимлари Украина жамиятлар, ҳудудлар ва инфратузилмани ривожлантириш вазири ўринбосари Василий Лозинскийни гўёки 400 минг доллар олаётган вақтида ушлаган эди. Лозинский оширилган нархларда асбоб-ускуналарни сотиб олиш бўйича шартномалар тузишга кўмаклашиб, ноқонуний равишда даромад олганликда гумон қилинмоқда.

Бир неча кун олдин ККМБ ва КИП Украинанинг «Нафтогаз» ширкати бошқаруви собиқ раиси Андрей Коболевни 2018 йилда 229 миллион гривнадан ортиқ маблағни ўзлаштиришда гумонланувчи сифатида эълон қилди. Гап Стокҳолм арбитражидаги бир қатор суд жараёнларидан сўнг берилган мукофот ҳақида кетмоқда, унинг натижасида «Газпром» «Нафтогаз»га деярли 2,9 миллиард доллар миқдорида товон тўлаши керак эди.

Бундан ташқари, худди шу ойда журналистик суриштирув натижалари эълон қилинди, унга кўра Украина Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилар учун озиқ-овқат маҳсулотларини чакана нархлардан икки-уч баравар юқори қийматда сотиб олган. Ўша пайтдаги мудофаа вазири Алексей Резников тушунтириш беришга мажбур бўлди ва Украина мудофаа вазири ўринбосари Вячеслав Шаповалов истеъфога чиқди. Кейинчалик, сентябр ойида Олий рада Резниковни ҳам ишдан бўшатди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг