Бугун — Халқаро бегуноҳ болалар куни: Келажакни зўравонликдан ҳимоя қилиш
Ҳар куни дунёнинг турли чеккаларида миллионлаб болалар жисмоний, руҳий ва ҳиссий зўравонлик қурбонига айланмоқда. Болаларга нисбатан қилинаётган бундай муносабат нафақат уруш ҳудудларида, балки маданият, ижтимоий табақа ва таълим чегараларини кесиб ўтган ҳолда ҳар қандай жамиятда учрамоқда.
Бу кун қандай пайдо бўлган?
Ушбу халқаро куннинг тарихи бундан 40 йилдан кўпроқ вақт олдинги мудҳиш воқеаларга бориб тақалади. 1982 йил 4 июнь куни Исроил авиациясининг Байрут ва Ливаннинг бошқа аҳоли пунктларига қилган биринчи ҳужуми оқибатида жуда кўп тинч аҳоли, жумладан, бегуноҳ болалар ҳалок бўлди.
1982 йил 19 августда БМТ Бош Ассамблеяси Фаластин масаласи бўйича фавқулодда махсус сессиясида Исроилнинг тажовузкор ҳаракатларидан жабр кўрган фаластинлик ва ливанлик болаларнинг чексиз азобларидан ларзага тушиб, махсус резолюция қабул қилди. Ушбу қарорга кўра, ҳар йили 4 июнь расмий хотира ва хабардорлик куни деб белгиланди.
Африка, Осиё ва Яқин Шарқдаги тўқнашувлар фонида, бугунги кунда ҳам уруш ҳудудларида яшаётган 250 миллиондан ортиқ болалар ҳамон катта хавф остида қолмоқда.
Уруш давридаги 6 та энг жиддий қонунбузарлик
Бугунги куннинг оғриқли нуқтаси – қуролли можаролар пайтида энг заиф қатлам бўлган болаларнинг биринчи бўлиб нишонга олинаётганидир. БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан тизимли равишда кузатиб бориладиган ва ҳисобот бериладиган олтита қонунбузарлик мавжуд. Аввало, уруш ҳаракатлари ва террорчилик ҳужумлари оқибатида минглаб болалар ҳаётдан кўз юммоқда. Болалардан қуролли гуруҳлар ва армияларда мажбуран фойдаланилмоқда. Айнан уруш даврида кучайиб кетадиган энг оғир жиноятлардан бири, бу жинсий зўравонлик. Ўғирлаш ва гаровга олиш орқали болаларнинг ҳаёти, эркинлигини хавф остига қўйиш, таълим ва тиббий ёрдам оладиган хавфсиз масканларни ўққа тутиш, гуманитар ёрдамни тўсиш, болаларни озиқ-овқат, дори-дармонсиз, очлик ҳамда касаллик гирдобида қолдириш каби қонунбузарликлар бегуноҳ болаларнинг ҳаётини издан чиқармоқда.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан тўпланган маълумотлар асосида ҳар йили юқоридаги жиноятларни содир этаётган томонларнинг, яъни давлатлар ва нодавлат қуролли гуруҳларнинг рўйхати эълон қилинади. Бундан мақсад – жиноятчиларни халқаро ҳамжамият олдида номлаш, уятга қолдириш ва уларнинг ҳуқуқбузарликларига чек қўйишдир. Сўнгги расмий маълумотларга кўра, болаларни ўлдириш ва жароҳатлашда 24 та томон, уларни аскар сифатида ишлатишда 61 та томон, жинсий зўравонлик содир этишда 30 та томон айбдор деб топилган.
Ҳар йили 4 июнь куни халқаро ташкилотлар иштирокида йирик тадбирлар ва вебинарлар ташкил этилади. Ушбу кунда дунё бўйича кенг қамровли ахборот кампаниялари ўтказилиб, уруш ҳудудларидаги болалар учун хайрия маблағлари йиғилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter