800 минг кишининг ўлимида айбланиб чорак асрдан бери яшириниб юрган шахс қўлга олинди
Францияда бизнесмен Фелисьен Кабуга ҳибсга олинди. У Руандада тутси халқи геноцидига алоқадорликда айбланмоқда. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича халқаро қолдиқ механизми (БМТ) сайтида хабар берилган.
84 ёшли Кабуга 26 йил адолатдан яшириниб, Аньер-сюр-Сен шаҳрида сохта ном остида яшаб юрган. Полициянинг хабар беришича, уни Парижда қўлга олишган.
БМТнинг Руанда бўйича халқаро трибунали 1997 йилда Кабугага еттита айб қўйган: геноцид, геноцидга аралашиш, геноцидни амалга оширишда тўғридан-тўғри ва ошкора фитна уюштириш, геноцидни амалга оширишга уриниш, шунингдек, геноцидни уюштириш, аҳолини таъқиб қилиш ва қириб ташлаш мақсадида фитна қилиш.
Бош прокурор Серж Браммерцнинг сўзларига кўра, геноциднинг асосий ҳомийларидан бири Кабуганинг ҳибсга олиниши «жиноятчилар қилган жинояти учун 26 йилдан кейин ҳам жавобгарликка тортилишини англатади».
Фелисьен Кабуга — 35 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Руанданинг собиқ режалаштириш вазири Огюстен Нгирабатварнинг қайнатаси. 2011 йилда Кабуга ФҚБ томонидан қидирилаётган дунёдаги энг хавфли ўнта жиноятчи рўйхатига киритилган. Ҳатто, у ҳақдаги маълумот учун 5 миллион доллар мукофот ҳам эълон қилинган.
1994 йили Руандада хуту халқи вакили мамлакат президенти Жювеналь Хабиаримана самолёти уриб туширилган. Шундан сўнг хуту бунда тутсини айблаб, уларни оммавий қира бошлаган. БМТ маълумотига кўра, зиддиятнинг кескинлашган даврида (тахминан уч ой давомида) 800 минг киши ўлдирилган. Тутсига қарши геноцид факти халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter