Дунё бойлари: «Бизга солинадиган солиқни оширинглар!»
АҚШ ва Ғарбий Европа давлатларида истиқомат қилувчи миллионерлар гуруҳи G20 саммити очилиши арафасида давлат раҳбарларидан уларга солинадиган солиқни оширишни сўраб чиқишди. Бойларнинг фикрига кўра, бу уларга ўхшаган одамларга коронавирус пандемиясига қарши курашда муҳим роль ўйнашига ёрдам беради.
«Биз реанимация бўлимидаги беморларга қарамаяпмиз. Биз беморларни шифохоналарга олиб борадиган «Тез ёрдам» машиналарини ҳайдамаяпмиз. Биз дўконларни озиқ-овқатга тўлдирмаяпмиз. Биз озиқ-овқат етказиб бермаяпмиз. Лекин бизнинг пулимиз кўп. Бу пул ҳозир ниҳоятда муҳим», — дейилади миллионерлар гуруҳи баёнотида.
Мактубда ёзилишича, коронавирус пандемияси муаммоси ва асоратларини ҳайрия ҳисобига бартараф этишнинг иложи йўқ. Мактубга имзо чекувчилар давлат раҳбарларидан «сайёрамизнинг энг бой одамлари»га солинадиган солиқни ошириш ҳисобига соғлиқни сақлаш, таълим ва хавфсизлик тизимини молиявий таъминлаш учун «етарли маблағни тўплаб, уларни одилона тақсимлаш мажбуриятини ўзларига олишни» сўрашяпти.
Мактубни 80 киши, жумладан, Дисней Эбигейл ва Тим Дисней оиласи вакиллари, «BlackRock» инвестиция фонди собиқ бошқарувчи директори Моррис Перл ҳамда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Дания, Нидерландия ва Янги Зеландиянинг бошқа миллиардер ва миллионерлари имзолаган.
«The Guardian»нинг таъкидлашича, мактуб 18 июлда ўтказилиши режалаштирилган «катта йигирмалик» давлатлари молия вазирлари ва марказий банк раҳбарлари учрашув арафасида чоп этилди. Муаллифлар сиёсатчиларни глобал тенгсизликка қарши курашишга чақирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter