Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Алишер Усмонов «Путиннинг яқин одами» эканини рад этди

Алишер Усмонов «Путиннинг яқин одами» эканини рад этди

Россиялик миллиардер Алишер Усмонов Италиянинг «Corriere Della Sera» газетасига берган интервьюсида, Россиянинг Украинадаги уруши ва Ғарб давлатлари томонидан унга нисбатан қўлланилган санкциялар ҳақида гапирди.

«Италия менга қарши санкциялар қўллагани мени хафа қилди, дўстлар ўзларини бундай тутмайдилар. Лекин мен сиёсат сиёсат эканлигини тушунаман», – деган Усмонов.

Унинг сўзларига кўра, санкциялар унинг оиласи, ходимлари ва лойиҳалари бенефициарларининг обрўсига катта зарар етказган.

Суҳбат давомида Усмоновга «у Путиннинг топшириқларини бажарадими ёки йўқми», деган савол берилган. Миллиардер ўзини Путинга яқин шахс эканлигини инкор этиб, унга нисбатан қўлланилган санкцияларни адолатсиз деб атаган.

Шунингдек, Усмонов ўзига тегишли ширкатлар Украинадаги урушни молиялаштираётгани тўғрисидаги иддаоларни ҳам рад этган. Тадбиркор Россиянинг Украинага бостириб кирганини қораламади ва айни пайтда қўлламади. Усмонов Украина уруши тез орада якунланишига умид билдирган.

Газетанинг ёзишича, Усмонов билан алоқадор компаниялар баллистик ракета, «Топол-М» ракета тизимлари, «Т-80», «Т-90», «Т-14 Армата» танклари, зирҳли транспорт воситалари, авиабомбалар, калибрли ракеталар, ҳарбий самолётлар, кемалар, сув ости кемаларини ишлаб чиқаришга ёрдам бериб келади.

Маълумот учун, «Forbes» нашри 2022 йилнинг апрель ойида Усмоновнинг бойлигини 11,5 миллиард долларга баҳолаган. Тадбиркор Ўзбекистон фуқаролигига эга.

Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан «Путинга яқин бўлган шахслар» қаторида Алишер Усмоновга нисбатан ҳам ғарб санкциялари жорий этилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг