Амитабҳ Баччан ҳаётидаги энг даҳшатли кун
1982 йилнинг 26 июлида олинган ушбу сурат ҳинд киноси афсонаси Амитабҳ Баччан ҳаётидаги энг даҳшатли воқеадан бир неча лаҳза аввал тасвирга туширилган. У бу кунни ҳаётидан бутунлай ўчириб ташлашни истарди. Бироқ ҳаётнинг ажабтовур қонунияти бор: баъзан энг оғир синовлар инсонга янги ҳаёт бахш этади. Кўпчиликнинг таъкидлашича, айнан шу воқеадан сўнг Амитабҳ Баччан гўё иккинчи марта туғилган...
Бу бахтсиз ҳодиса ҳинд киноси тарихидаги энг машҳур ва энг хавфли суратга олиш жараёнларидан бири сифатида ёдда қолган. Гап “Ҳаммол” (“Кули”) фильмини тасвирга олиш ишлари вақтида содир бўлган фалокат ҳақида кетмоқда.
Ўша куни Бангалор университети шаҳарчасида Амитабҳ Баччан ва Пунит Иссар иштирокида олишув саҳнаси суратга олинаётганди. Сценарийга кўра, Пунит Иссар Амитабҳга мушт тушириши ва у орқага йиқилиб, темир стол устига тушиши керак эди. Бироқ кутилмаган ҳолат юз берди. Пунит зарба берган пайтда Амитабҳ беихтиёр ўзини ҳимоя қилиш учун бир қадам олдинга силжиди. Натижада ҳаракатлар мувофиқлиги бузилди ва у катта тезликда столнинг ўткир чет қисмига қорни билан урилди. Зарба шу қадар кучли бўлдики, киноюлдузнинг ичаги ёрилиб кетди.
Жароҳат олганига қарамай, Амитабҳ саҳнани охиригача ўйнаб берди ва кадр муваффақиятли якунланди. Дастлаб ҳеч ким жароҳатнинг қанчалик оғир эканини англамади. Ҳатто Пунит Иссар ҳам буни оддий шикастланиш деб ўйлади. Суратга олиш тугагач, Амитабҳ ҳамкасбларининг олқишларини қабул қилди. Аммо орадан кўп ўтмай, кучли оғриқ таъсирида майсазорга йиқилиб тушди.
Баччанни шошилинч равишда шифохонага олиб кетишди. Аҳволи тобора оғирлашгач, махсус самолётда Мумбайдаги “Breach Candy Hospital”га етказилди. У ерда Амитабҳ мураккаб жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди ва бир муддат комага тушиб қолди.
Айрим маълумотларга кўра, шифокорлар ҳатто Баччаннинг яшаб кетишига умид қолмаган деб ҳисоблашган. Бутун Ҳиндистонда ибодатхоналар, масжидлар, черковлар ва гурдвараларда унинг соғайиши учун дуолар қилинди. Газеталар ҳар куни актёрнинг аҳволи ҳақида хабар бериб турди. У бир неча ой давомида шифохонада ҳаёт ва ўлим орасида курашди.
Баччанни сақлаб қолиш мақсадида адреналин тўғридан-тўғри юрагига юборилган ва шундан кейингина юрак уриши қайта тикланган.
Фожиа содир бўлганида Пунит Иссар ҳали машҳур актёр эмасди. Унинг фаолияти эндигина бошланаётган эди. Аммо ҳодисадан кейин вазият кескин ўзгарди.
Амитабҳ айбламаса ҳам, жамоатчилик ва киноиндустриянинг бир қисми унга бошқача муносабатда бўлди. Кўплаб продюссерлар ва режиссёрлар Иссарни фильмларга чақирмай қўйишди. Айрим лойиҳалардан, ҳатто шартнома имзоланганидан кейин ҳам чиқариб юборилди.
Пунит Иссар бу йилларни ҳаётидаги энг оғир давр деб атаган. Ўзининг айтишича, одамлар уни кўрганида «Баччанни ўлдиришига сал қолган одам» сифатида қабул қилишарди. Кўпчилик Пунит Иссарни воқеанинг айбдори сифатида кўра бошлади. Натижада у бир нечта фильмдан четлатилди ва қарийб олти йил давомида ишсиз қолди.
Ниҳоят, узоқ даволанишдан кейин Амитабҳ Баччан ҳаётга қайтди. Ҳалокатли жароҳат унинг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборган эди. Кейинчалик бир неча интервьюларида айнан шу воқеадан кейин ҳаётга бўлган қараши ўзгарганини айтган. У ўзини «иккинчи ҳаётни яшаб юрган инсон» деб атади. Баччаннинг фикрича, шифокорлар ва мухлисларнинг муҳаббати уни ўлимдан қайтарган. Ҳатто “Ҳаммол” экранларга чиққан пайтда режиссёрлар томонидан махсус ёзув киритилган.
Фильмда Амитабҳ жароҳат олган саҳна “музлатилган” кадр орқали алоҳида кўрсатилиб, томошабинларга айнан шу ерда бахтсиз ҳодиса содир бўлгани маълум қилинган. Бу жаҳон киноси тарихида кам учрайдиган ҳолатлардан бири ҳисобланади.
Бир томонда ўлим ёқасидан қайтган суперюлдуз, иккинчи томонда эса ноҳақ айбланган ёш актёр бор эди. Вақт эса иккаласининг ҳам ҳаётини янги ўзанга буриб юборди.
Энг олижаноб жиҳати шундаки, Баччан соғайгач, Пунит Иссарни шахсан ҳимоя қилди. Оммавий ахборот воситаларига берган интервьюларида бу воқеа оддий бахтсиз ҳодиса экани, Пунитнинг ҳеч қандай айби йўқлигини қайта-қайта таъкидлади. Ҳатто бир куни Пунит Иссарни шифохона дарвозасигача кузатиб чиқиб, йиғилган одамларга улар ўртасида ҳеч қандай адоват йўқлигини кўрсатди.
Кейинчалик Пунит Иссар у машҳур режиссёр Б.Р.Чопра томонидан яратилган “Маҳобҳорат” телесериалида Дурёдҳана образини моҳирона ижро этиб, ҳинд телевидениесининг энг ёрқин қаҳрамонларидан бирига айланди. Иссарнинг айтишича, агар Баччан очиқчасига ҳимоя қилмаганида унинг карьераси бутунлай тугаган бўларди. Кўпчилик уни ҳозир ҳам Дурёдҳана образи билан тилга олади.
Акбар Фатҳуллаев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter