Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ элчисининг мўйлови дипломатик можарога сабаб бўлди. Гап шундаки...

АҚШ элчисининг мўйлови дипломатик можарога сабаб бўлди. Гап шундаки...

Фото: AFP

АҚШнинг Жанубий Кореядаги элчиси Ҳарри Бинкли Ҳаррис жамоатчилик босими остида мўйловини қириб ташлашга мажбур бўлди. Дипломатнинг мўйлови жиддий можаро келтириб чиқаришига бир баҳя қолди.

Корейс матбуоти кўпдан буён элчи Ҳарри Бинкли Ҳарриснинг ташқи кўриниши босқинчи япон зобитларини ёдга солишидан ёзғириб келаётган эди. Корея 1910-1945 йилларда Кунчиқар ўлка томонидан мустамлака қилинган бўлиб, ушбу давр мамлакат тарихидаги энг қора кунлар дея таърифланади.

Жанубий Корея журналистлари ва сиёсатдонлари даъвосига кўра, мўйловдор элчи ўз ташқи кўриниши билан япон босқини даврига оид аламли хотиралар қайта уйғонишига сабаб бўлаётган эди.

АҚШ элчисининг томирида япон қони оқмаётган бўлса эди, эҳтимол, корейс матбуот унинг мўйловига у қадар жиддий эътибор бермаслиги ҳам мумкин эди. Гап шундаки, Ҳарри Бинкли Ҳаррис асли Японияда туғилган, онаси япон, отаси эса америкалик.

Алҳосил, журналист ва сиёсатчилар мўйловига ҳадеб тирғалавергач, дипломат «балодан ҳазар» дея Сеул марказидаги сартарошхонага бордию муртини шартта қирдириб ташлади. Албатта, дипломат мўйловдан жамоатчилик босими остида воз кечганини очиқ тан олмади. Шунчаки Сеулда ҳаво иссиқлиги, жазирамада эса мўйловсиз юриш маъқулроқ эканини баҳона қилиб қўяқолди.

АҚШ элчиси аввалроқ расмий Сеулни Шимолий Кореяга нисбатан сиёсатини ўзгартириш ҳамда мудофаа учун кўпроқ маблағ ажратишга чақиргани ортидан ҳам танқидларга нишон бўлган эди. Айни пайтда Жанубий Корея ҳудудида Шимолий Кореянинг эҳтимолий ҳужуми олдини олиш учун АҚШнинг 28 минг кишилик қўшини жойлаштирилган.

Ҳарри Бинкли Ҳаррис дипломатликка қадар узоқ йиллар давомида мамлакат ҳарбий денгиз кучлари тизимида фаолият юритиб, оддий аскардан адмирал рутбасига қадар борган. У АҚШ Тинч океани ҳарбий денгиз кучлари қўмондони этиб тайинланган илк осиёлик ҳамда ҳарбий жабҳада энг юқори рутбага эришган илк япониялик саналади.

Ҳ.Ҳаррис 2018 йил 29 июнь куни Қўшма Штатларнинг Кореядаги элчиси сифатида қасамёд қилган. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг