АҚШ Грузия билан ҳамкорлик бўйича барча дастурларни қайта кўриб чиқади
АҚШ Грузия билан ҳамкорлик бўйича барча дастурларни қайта кўриб чиқади, дея баёнот берди мамлакат Миллий хавфсизлик кенгашининг Европа масалалари бўйича директори Майкл Карпентер.
Вашингтон фикрича, Тбилиси сўнгги ойларда, Евро-Атлантика интеграцияси истиқболлари нуқтаи назаридан, нотўғри йўналишда кетмоқда.
Қўшма Штатлар Грузия ҳукумати томонидан стратегик йўналиш ўзгаришига умид қилмоқда, деди Карпентер. «Бироқ ҳозир биз Грузия билан ўртадаги барча дастурларни қайта кўриб чиқяпмиз», — таъкидлади у.
Эслатиб ўтамиз, Қўшма Штатлар, икки томонлама муносабатлар қайта кўриб чиқилиши сабабли, Грузия билан 2024 йилнинг 25 июл – 6 август кунларига мўлжалланган қўшма ҳарбий машғулотларни кечиктиришга қарор қилган. Пентагон Грузия ҳукумати томони илгари сурган «ёлғон айбловлар»га ишора қилган. Баёнотда айтилишича, Тбилиси гўёки АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларини Грузияга Россияга қарши иккинчи фронт очиш учун босим ўтказишда айблаган.
Грузия президенти Саломе Зурабишвили АҚШнинг қўшма ҳарбий ўқув машғулотларини кейинга суриши Грузиянинг мудофаа қобилиятига таҳдид солишини таъкидлаган. Унинг фикрича, Вашингтоннинг бу қарорига Грузия ҳукумати айбдор. Грузия ҳукуматидагилар дўст билан душманни ажрата олмаяпти, деди Зурабишвили.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter