Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ Россия қамоғидан озод қилиш йўлида кўп тер тўккан икки маҳбус ким?

АҚШ Россия қамоғидан озод қилиш йўлида кўп тер тўккан икки маҳбус ким?

Россия ҳуқуқ идоралари Уиланни ҳам, Гершковични ҳам жосусликда айблаган эди.

1 август куни Россия, АҚШ, Германия, Норвегия, Словения, Беларусь ва Польша иштирокида кенг миқёсли маҳбуслар алмашуви амалга оширилди. Алмашув амалиёти ўз миқёси туфайли «тарихий» деб баҳоланган.

Президент Жо Байден берган баёнотга кўра, келишув доирасида Россия қамоқхоналаридан уч нафар АҚШ фуқароси ҳамда бир нафар грин карта соҳиби  (журналистлар Эван Гершкович, Алсу Курмашева, сиёсатчи Владимир Кара-Мурза ва собиқ ҳарбий хизматчи Пол Уилан) озод қилинган.

«Умумий ҳисобда Россиядан 16 киши, шу жумладан, 5 нафар Германия ва 7 нафар Россия фуқароси – улар ўз мамлакатининг сиёсий тутқунлари эди – озод қилинди. Ушбу эркак ва аёлларнинг айримлари кўп йиллар мобайнида адолатсиз равишда қамоқда сақланган. Уларнинг барчаси мислсиз азоб-уқубат ва мавҳумликни бошдан кечирди», – дейилади Оқ уй баёнотида.   

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Москвага 8 нафар рус фуқароси икки вояга етмаган фарзанди билан қайтарилганини маълум қилган. Улар АҚШ, Германия, Словения каби давлатларда жосуслик ва бошқа айбловлар билан жазо ўтаётган шахслардир.

Қайд этиш жоизки, Вашингтон «The Wall Street Journal» газетаси мухбири Эван Гершкович ва АҚШ денгиз кучлари собиқ аскари Пол Уиланни рус қамоғидан чиқариш йўлида анча вақтдан бери дипломатик кураш олиб бораётган эди.

Жорий йил 5 июнь куни Санкт-Петербургда халқаро ахборот агентликлари вакиллари билан учрашган Россия президенти Владимир Путин америкалик журналист Гершкович алмашув доирасида озод этилишига ишора қилган эди.

«The Wall Street Journal» нашрининг Москвадаги бюроси ходими Эван Гершкович 2023 йил 30 март куни Екатеринбург шаҳрида Россия ФХХ томонидан ҳибсга олинган ва жосусликда айбланиб маҳкамага тортилган эди.

32 ёшли журналистнинг адвокатлари у бундай айбловни тан олмаслигини билдирган. АҚШ ҳукумати ҳам журналистнинг қамоққа олинишини ноқонуний деб атаган.

Давлат котиби Энтони Блинкен Россия расмийлари билан мулоқотларда Гершковични озод қилишни талаб этиб келган.

Ғарб матбуоти журналистнинг қўлга олиниши ортида шахсан Россия президенти турганини тахмин қилган.

1994-2008 йилларда АҚШ денгиз пиёдалари корпусида хизмат қилган Пол Уилан 2018 йил 28 декабрь куни Москвада қўлга олинган. 2020 йили Москва суди уни жосусликда айбдор деб топиб, 16 йилга озодликдан маҳрум этган. Уиланнинг ўзи айбловларни рад этган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг