Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ яна Фаластин йўлида тўғаноқ бўлди

АҚШ яна Фаластин йўлида тўғаноқ бўлди

АҚШ вакили Роберт Вуд резолюцияга қарши овоз бермоқда.

Фото: Reuters

18 апрель куни БМТ Хавфсизлик кенгашида Фаластиннинг БМТга тўлақонли аъзолиги тўғрисида резолюция лойиҳаси юзасидан овоз бериш ўтказилди.

Хавфсизлик кенгашининг 12 аъзоси Жазоир томонидан тайёрланган ҳужжатни ёқлаб овоз берди. Буюк Британия ва Швейцария бетараф қолди. Биргина АҚШ вето ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда резолюция лойиҳасини йўққа чиқарди.

Эътиборга молик жиҳати, Қўшма Штатларнинг Франция, Япония, Жанубий Корея каби иттифоқчилари бу гал Фаластиннинг БМТга тўлақонли аъзолигини дастаклаган.

Фаластиннинг БМТдаги элчиси Риёз Мансур резолюциянинг рад этилиши фаластинликлар иродасини бука олмаслигини таъкидлади.

«Исроил Фаластин давлати суверенитетига тўғаноқ бўлиш, Фаластин халқини ватанидан сургун қилиш ёки уни умрбод истило қилиш йўлида барча чораларни ишга солади... Фаластин давлати тузилиши муқаррар ва реалдир. Эҳтимол, улар давлат тузилишини узоқ муддатда деб хаёл қилишар, аммо биз уни яқин деб биламиз», – деди дипломат.

Фаластин жорий йил апрель ойи бошида БМТ раҳбариятига ташкилотга тўлақонли аъзолик борасида ариза билан мурожаат қилган эди.

Фаластин айни пайтда БМТда доимий кузатувчи давлат мақомига эга. Бу мақом эгаси ташкилотнинг барча мажлисларида қатнашса-да, асосий тузилмаларда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрумдир.

Мустақил Фаластин давлати тузиш ғоясига тиш-тирноғи билан қарши чиқаётган Исроил маъмурияти БМТга тўлақонли аъзо бўлиш йўлидаги уринишларни ҳам АҚШ каби иттифоқчилари кўмагида йўққа чиқариб келмоқда. 2011 йилда бўлиб ўтган овоз беришда ҳам шундай ҳолат кузатилган эди.

2012 йил 29 ноябрь куни БМТ Бош ассамблеяси Фаластинга кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисидаги резолюцияни маъқуллаганди. Ўшанда ҳам 138 давлат қўллаб-қувватланган ҳужжатга АҚШ қарши чиққан эди. Аммо Вашингтон Бош ассамблеяда вето ҳуқуқига эга бўлмагани боис ҳужжат қабул қилинганди.

Ғазо секторида қирғин давом этаётган бир пайтда Фаластин маъмурияти халқаро ҳужжатларда кафолатланган мустақил давлат тузиш ҳуқуқини талаб қилмоқда.

Ғазо секторида 2023 йил  октябрдан буён Исроил бомбардимонларида 33970 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 76770 нафари жароҳатланди.

БМТ бош котиби Антониу Гутерришга кўра, шу муддат ичида Ғазода 250 га яқин халқаро инсонпарварлик ташкилотлари вакиллари, жумладан, 180 нафар БМТ ходими ҳалок бўлди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг