Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барбадос ҳукумати Фаластинни давлат сифатида тан олмоқчи

Барбадос ҳукумати Фаластинни давлат сифатида тан олмоқчи

Барбадос Исроил билан алоқаларини сақлаб қолган ҳолда Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олишга тайёр. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Керри Симмондс малум қилди.

«Барбадос ҳар доим БМТда Фаластин-Исроил можаросида ечим бўлиши кераклигини таъкидлаб келади. Бахтга қарши, давлатимиз икки давлат келишувини истаб келишига қарамай, шу кунгача Фаластин давлатини тан олмаган.

Қандай қилиб биз Фаластинни давлат сифатида тан олмасдан «икки халқ учун икки давлат» тушунчаси асосида келишувни хоҳлаяпмиз деб айта оламиз?» – дейди Симмондс.

Унинг таъкидлашича, Фаластинни тан олиш ҳақидаги ариза ҳозирда Вазирлар Маҳкамаси томонидан «кўп йиллар давомида қилинган хато»ни тузатиш учун кўриб чиқилмоқда.

Маълумот учун, БМТ Бош Ассамблеяси 1947 йилда Фаластин-Исроил келишувининг асосий ҳужжатларидан бири – Фаластиннинг бўлиниши тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Резолюция шу пайтгача Британия назорати остида бўлган Фаластин ҳудудида иккита мустақил давлат – араб ва яҳудий давлатларини яратишни назарда тутган, шунингдек, Қуддусга алоҳида халқаро мақом ўрнатган. Шунга кўра, яҳудий давлати – Исроил 1948 йил май ойида эълон қилинган. Фаластин ҳудудида эса ҳали тўлақонли араб давлати ташкил этилмаган.

1967 йил 22 ноябрда БМТ Хавфсизлик кенгаши 242-резолюцияни қабул қилди. Унда 1967 йилги Олти кунлик уруш натижаларининг аксарият қисмини бекор қилиш йўли билан араб-исроил можаросини тўхтатишга чақирилган. Олти кунлик урушда Исроил Ғарбий Соҳил, жумладан, Шарқий Қуддус ва Ғазо сектори устида назорат ўрнатган.

БМТ режасида эса Исроилнинг 1949 йилги чегараларига қайтиши ва Иордания ҳамда Ўрта ер денгизи ўртасида Исроил яҳудий давлати билан бирга Фаластин араб давлатининг ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган. Бу резолюция ҳанузгача араб-исроил можароси ва Фаластин масаласини ҳал этишда етакчи ҳужжат сифатида тан олинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг