Биби Бенидан устун: Исроилда навбатдан ташқари ўтказилган сайлов натижалари маълум бўлди
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу Исроилда 9 апрель куни навбатдан ташқари ўтказилган парламент сайловларида ғолиб чиқди. Бу ҳақда «Euronews» хабар берди.
Нетаньяҳунинг ғалабасида ўнг ва диний партиялар электорати кўпчиликни ташкил этиши катта роль ўйнади. Жами овозларнинг 90 фоизи санаб бўлинганидан кейин бу партиялар биргаликда Кнессетдаги ўринларнинг ярмидан кўпини (120 дан 65 та) қўлга киритди.
Исроил МСК хабарига кўра, айни пайтгача 4 миллиондан ортиқ сайлов варақаси ҳисоблаб чиқилди. Шундан 26 фоиздан кўп овоз «Ликуд» партиясига (Биньямин Нетаньяҳу), 26 фоиздан кам овоз унинг мухолифи бўлмиш «Кахоль-Лаван» блокига (Бени Ганц) берилгани аниқ бўлди.
Сайлов натижаларини онлайн бериб борувчи Кнессет сайтида «Кахоль-Лаван» блоки «Ликуд» партияси билан бир хил — 35 та депутат ўрнига эга бўлиши айтилган.
«Рейтер» маълумотига кўра, «Ликуд» парламентда ўтган сафаргидан бешта кўп ўринга эга бўлди, бу ўз-ўзидан Нетаньяҳунинг сиёсий ғалабасини англатади.
Сайловчиларнинг 68 фоизи сайловга келгани маълум қилинган.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Нетаньяҳу мана шу сайловда ғолиб чиқса Исроилнинг «ҳудудини кенгайтириш»га ваъда бериб, Яқин Шарқдаги кескинликни янада оширган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter