Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроил ҳукуматининг янги қарорини Туркия ва Озарбайжон қоралади

Исроил ҳукуматининг янги қарорини Туркия ва Озарбайжон қоралади

Фото: AFP

Исроил ҳукумати Биринчи жаҳон уруши даврида Усмонли империясида арман миллатига мансуб аҳоли гуруҳининг ўлдирилишини геноцид деб тан олди. Тель-Авивнинг ушбу қарорига Туркия ҳамда Озарбайжон кескин эътироз билдирди. 

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар томонидан илгари сурилган ва ҳукумат томонидан бир овоздан маъқулланган қарорда Усмонли империяси даврида арманлар қатлиом қилингани қайд этилган. Гидеон Саар ушбу қарор «ахлоқий бурч» важидан қабул қилинганини айтган

«Арман геноциди» деганда 1915-1916 йилларда Усмонли империясида яшовчи 1,2 миллион нафарга қадар бўлган арманлар йўқ қилингани ва бадарға этилгани назарда тутилади.

АҚШ, Франция, Германия, Италия каби давлатлар ўтган аср бошларидаги мазкур ҳодисани геноцид деб тан олган. 

Туркия ҳукумати эса Усмонли империясида арманлар оммавий қирғин қилинганини буткул рад этади. 

Таҳлилчиларга кўра, Исроил ҳукумати арман геноциди мавзусини Туркия билан муносабатлар кескинлашган вақтда расмий Анқарага дипломатик зарба сифатида қўлламоқда.  

Туркия ҳукумати Тель-Авивнинг баҳсли қарорини биринчилардан бўлиб рад этгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. 

Туркия ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, яҳудий давлати қабул қилган бу қарор Исроилнинг Ғазода содир этаётган жиноятларини яширишга қаратилгандир. 

«Бутун дунё кўз ўнгида Фаластин халқини тизимли равишда таъқиб қилиб келаётган ва Ғазо халқига қарши геноцид айблови билан БМТнинг Халқаро судида жавобгарликка тортилган Исроил ҳукумати 1915 йилги воқеаларга оид сиёсий қарор орқали ўз жиноятларини яширишга уринмоқда», – дейилади баёнотда. 

Расмий Анқара Исроилнинг мазкур қарорини «ғаразли» ҳамда «ҳуқуқий ва тарихий фактларни инкор этувчи» дея баҳолаб, бу қарор Халқаро жиноий суд томонидан ҳибсга олишга ордер берилган «Нетаняҳу ва унинг шериклари нақадар чорасиз аҳволда қолганини фош қилиши» ни таъкидлаган.

Озарбайжон ташқи ишлар вазирлиги ҳам Исроил ҳукуматининг сўнгги қадамидан жиддий хавотир билдирган ва Тель-Авивни ушбу қарорни қайта кўриб чиқишга чақирган.

«1915 йилги воқеалар билан боғлиқ тарихий фактларни бузиб кўрсатиш, мураккаб тарихий жараёнларни ҳуқуқий ва илмий асослардан узилган ҳолда сиёсий қарор мавзусига айлантириш номақбулдир. Бу каби қадамлар ярашув ва ўзаро англашувга эмас, балки мавжуд зиддиятларнинг янада чуқурлашишига хизмат қилади ҳамда минтақада барқарор тинчлик ва тотувликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларга тўсқинлик қилади», – деб ҳисоблайди расмий Боку.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян «арман геноциди мавзуси сиёсийлаштирилиши» боис Исроилнинг 1915 йилги воқеалар бўйича қарорига муносабат билдирмаслигини айтган.

«Биз арман геноциди мавзусидан сиёсий мақсадларда фойдаланиш жараёнига қўшилишдан бош тортиш Арманистон Республикаси манфаатларига жавоб беради, деб ҳисоблаймиз. Шу боис, бунга бирор бир тарзда муносабат билдиришга эҳтиёж сезмаяпмиз», – деган Пашинян. 

Сўнгги вақтларда Туркия ва Исроил ўртасида дипломатик таранглик кучаймоқда.

Исроил 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторида амалга ошираётган қонли урушни Туркия раҳбарияти кескин танқид қилиб келмоқда. Эронга уюштирилган ҳужумни ҳам Туркия қаттиқ қоралади.

Ғазода тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ошиб бориши фонида Анқара ва Тель-Авив дипломатик зиддияти ортмоқда.

Ҳатто Исроилнинг кейинги ҳарбий нишони Туркия бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар муҳокама этилмоқда.

Сиёсатшунослар фикрича, охирги вақтларда Туркиянинг Яқин Шарқдаги нуфузи ошиб бораётгани Исроилга ёқмаётир. 2025 йил апрель ойида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ президенти Дональд Трампга Сурияда Туркиянинг таъсири ошиб бораётганидан шикоят қилгани ва Анқарага босим ўтказишни сўрагани маълум. Аммо ўша гал Трамп Нетаняҳунинг раъйини қайтарган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг