Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

БМТ Бош Ассамблеяси Украина бўйича резолюция қабул қилди: Ўзбекистон бетараф

БМТ Бош Ассамблеяси Украина бўйича резолюция қабул қилди: Ўзбекистон бетараф

Фото: AP

Россиянинг Украинага қарши тўлиқ миқёсдаги босқинининг тўртинчи йиллиги муносабати билан БМТ Бош Ассамблеяси «Украинада барқарор тинчликни қўллаб-қувватлаш» номли резолюцияни қабул қилди.

24 февраль куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда ҳужжатни 107 давлат қўллаб-қувватлади. Резолюцияда Украинанинг «халқаро миқёсда тан олинган чегаралари доирасида суверенитети, мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлиги» тасдиқланади.

Ҳужжатга қарши 12 давлат – Россия, Беларусь, Буркина-Фасо, Бурунди, Куба, КХДР (Шимолий Корея), Эритрея, Эрон, Мали, Нигер, Никарагуа ва Судан овоз берди.

Яна 51 давлат бетараф қолди. Улар орасида – АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Африка Республикаси, Арманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Бразилия ва Бирлашган Араб Амирликлари бор.

Ҳужжатда зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, ҳарбий асирларни тўлиқ алмашиш, Россия томонидан ноқонуний ушлаб турилган шахсларни озод қилиш ва фуқароларни Украинага қайтариш каби талаблар илгари сурилган.

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига резолюция қабул қилинганини олқишлади. Унинг таъкидлашича, бу Украина учун оддий овоз бериш эмас, балки мамлакат ёлғиз эмаслиги ва БМТ Низоми тамойиллари ҳали ҳам аҳамиятга эга эканининг тасдиғидир.

АҚШ резолюциянинг айрим бандлари бўйича алоҳида овоз беришни талаб қилди. Хусусан, Украина ҳудудий яхлитлиги ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ «адолатли ва барқарор тинчлик» ҳақидаги банди бўйича алоҳида овоз бериш таклиф этилди.

Бироқ бу таклиф қўллаб-қувватланмади ва АҚШ якуний овоз беришда бетараф қолди. Вашингтон зудлик билан ўт очишни тўхтатиш чақириқларини қўллаб-қувватлашини, аммо резолюциядаги айрим қоидалар дипломатик музокараларга тўсқинлик қилиши мумкинлигини билдирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг