Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

БМТ бош котиби яқинлашаётган яна бир хатардан огоҳлантирди

БМТ бош котиби яқинлашаётган яна бир хатардан огоҳлантирди

Фото: «News.un.org»

Дунёдаги айрим мамлакатлар денгиз сатҳи кўтарилиши оқибатида сув остида қолиши мумкин. Бу ҳақда  БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Хавфсизлик кенгаши йиғилишидаги нутқида гапирган.

Жаҳон метеорология ташкилоти сўнгги таҳлиллари XX асрда денгиз сатҳи 3 минг йиллик давр мобайнида энг тез суръатда кўтарилганини кўрсатмоқда. Агар глобал ҳарорат яна 2 даражага ошса, дунё океани сатҳи мисли кўрилмаган даражада кўтарилади.

«Воқеаларнинг ҳар қандай ривожида ҳам Бангладеш, Хитой, Ҳиндистон, Нидерландия каби мамлакатлар хавф остида қолади. Барча қитъалардаги мегаполислар, жумладан, Лагос, Мапуту, Бангкок, Дакка, Жакарта, Мумбай, Шанхай, Копенҳаген, Лондон, Лос-Анжелес, Нью-Йорк, Буэнос-Айрес ва Сантьяго жиддий муаммоларга рўбарў келади», – дейди БМТ етакчиси.

Фижи, Вануату, Соломон ороллари каби давлатлар аллақачон денгиз сатҳи кўтарилиши ортидан аҳолини оммавий кўчиришга мажбур бўлди. Шимолий Африкада денгизнинг шўр суви аллақачон чучук сувга аралашиб, ҳосилнинг нест-нобуд бўлишига олиб келмоқда.

А.Гутерриш ушбу муаммо қашшоқликни авж олдириши, ижтимоий-иқтисодий бўҳронлар, уруш ва ихтилофларга доялик қилишидан огоҳлантирган ва халқаро ҳамжамият бир неча йўналишда жонбозлик кўрсатиш кераклигини таъкидлаган.

Аввало, иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш учун саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш, атмосферага чиқаётган заҳарли газлар миқдорини камайтириш керак. Ривожланган давлатлар иқлим бўйича мажбуриятлари доирасида ривожланаётган мамлакатларга 100 миллиард долларлик молиявий кўмак тақдим этиши лозим.

Сув сатҳи кўтарилишидан Индонезияга ҳам катта талафот кўриши айтилмоқда. Фото: Greenpeace

Инсон ҳуқуқлари бузилиши, камбағаллик, табақаланиш каби иллатларга қарши чоралар ҳам кучайтирилиши керак.

Антониу Гутерриш денгиз сатҳининг кўтарилиши оқибатларини бартараф этиш учун халқаро ҳуқуқ меъёрлари такомиллаштирилиши, бу борада БМТ Хавфсизлик кенгаши фаол бўлиши кераклигини ҳам қайд этган. 

Иқлим ўзгаришларини тадқиқ этувчи олимларнинг хулосасига кўра, Антарктида ва Гренландия музликлари ҳозирги суръатда эришда давом этса, океан сатҳи яқин ўнйилликларда ҳалокатли даражада кўтарилиб дунёнинг кўплаб соҳилбўйи шаҳарлари сув остида қолади.

Жаҳон метеорология ташкилоти ҳам сўнгги йилларда океанлар сатҳи кўтарилиши, заҳарли газлар бўйича аксилрекорд қайд этилаётгани ҳақида бонг урмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг