Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

БМТ Украинадаги уруш сабаб ёддан кўтарилган долзарб масалага эътибор қаратди

БМТ Украинадаги уруш сабаб ёддан кўтарилган долзарб масалага эътибор қаратди

Уганда давлатида қочқинларни эмлаш жараёни.

Фото: UNICEF

Халқаро ҳамжамият ривожланаётган мамлакатларга коронавируснинг янги кўринишларига қарши вакцинани етарли миқдорда ва ўз вақтида етказиб бера олмаётгани ўн минглаб инсонларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда БМТнинг юқори мартабали мулозимлари Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш йиғилишида маълум қилди.

Ҳозирга қадар дунё бўйича 10,5 миллиард доза эмдори қўлланган. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет ошиб бораётган ўлимларнинг олдини олиш учун бу етарли эмаслигини таъкидлади.  Бачелет хонимга кўра, бой мамлакатларнинг 70 фоиз аҳолиси коронавирусга қарши эмлангани ҳолда, камбағал ўлкаларда бу кўрсаткич бор-йўғи 13 фоизни ташкил этмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус ҳам эмланиш борасида сусткашлик ва ҳаракатсизлик қашшоқ мамлакатларда оммавий ўлимларга олиб келишидан огоҳлантирган.

«Биз тарихнинг бурилиш нуқтасида яшамоқдамиз. Пандемиянинг оғир босқичидан ўтиб олиш учун етарли имкониятларимиз мавжуд, аммо вакцина тақсимотидаги тенгсизлик бу имкониятни йўққа чиқармоқда. Юқори даромадли мамлакатлар аллақачон карантин чекловларини бекор қилаётган бир пайтда бошқа мамлакатлар ортда қолмоқда. Натижа шуки, ҳафтасига 60 мингдан зиёд ўлим қайд этилмоқда, вируснинг янги кўринишлари пайдо бўлиш эҳтимоли ошмоқда», – дейди ЖССТ раҳбари.

Сўнгги маълумотларга қараганда, сайёрамиз бўйича 457 миллиондан зиёд киши коронавирусга чалинган, бу борада 6 млн 62 мингдан ошиқ ўлим қайд этилган.  

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг