Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Британиялик сайёҳ 28 йилда Ер шарини пиёда айланиб чиқди (фото)

Британиялик сайёҳ 28 йилда Ер шарини пиёда айланиб чиқди (фото)

Собиқ десантчи Карл Бушби 1998 йилда якка ўзи дунё бўйлаб пиёда саёҳатга отланганида 28 ёшда эди. Орадан роппа-роса шунча вақт ўтиб, у «Голиаф» деб номланган экспедициясини якунлади ва ниҳоят ватани Англияга қайтиб келди.

Саёҳатчи олдига иккита қатъий шарт қўйган эди: ҳеч қандай транспортдан фойдаланмаслик ва ўз юртига фақат ўз кучи билан етиб бориш.

Унинг саёҳати Чилидан бошланган. Қарийб ўттиз йиллик сафар давомида у кўплаб синовларни бошдан кечирди:

  • 2001 йилда Марказий ва Жанубий Америка оралиғидаги чангалзорларда қуролли гуруҳ қўлига асир тушиб қолди. Маҳаллий жангарилар унинг кимлигини ва мақсадини билишгач, қўйиб юборишди ҳамда керакли йўл анжомлари билан таъминлашди;
  • 2006 йилда Карл Бушби Беринг бўғозини муз устидан пиёда босиб ўтган дунёдаги илк инсонга айланди. Иккинчи уринишда у денгиз музликлари бўйлаб қарийб 240 км йўл босиб, Чукоткага етиб борди;
  • У бир неча йил давомида Россия ҳудуди орқали ҳаракатланди, бироқ молиявий инқироз, виза муаммолари ҳамда пандемия туфайли режалари ва йўналишини тез-тез ўзгартиришга мажбур бўлди. Оқибатда сайёҳ Мўғулистон, Хитой, Қозоғистон ва Ўзбекистон орқали ўтишга қарор қилди;
  • У Каспий денгизини 31 кунда сузиб ўтди ва сувда тахминан 132 соат вақт ўтказди. Шу тариқа у Қозоғистондан Озарбайжонга, у ердан эса Туркия ва Европага ўтиб олди;
  • 2026 йилнинг июн ойида Карл Францияга етиб келди. Британияга Ла-Манш бўғози остидаги хизмат йўлагидан ўтишга рухсат беришмагани сабабли у яна сузишга мажбур бўлди. Мазкур бўғозни кесиб ўтиш 3 кун давом этди ва у шундан қарийб 20 соатини сув ичида ўтказди.
Карл Бушби 50 минг км масофани пиёда босиб ўтган. 2019 йил ёзида Ўзбекистонга етиб келган. 

Кеча, 2 ноябр куни у ниҳоят ўзи туғилиб ўсган Ҳалл шаҳрига етиб келди. У ерда сайёҳни онаси, ўғли ва ҳаётида илк бор кўриб турган 12 ёшли набираси кутиб олди.

Карл бундан буёғига нима билан шуғулланишни ҳали ўйлаб кўрмаганини айтди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг