Британиялик миллионерлар ўзларининг солиқлари оширилишини сўрашди
Британиялик 120 нафар миллионер янги бош вазир Энди Бёрнемга мактуб йўллаб, бойлар тўлайдиган солиқларни оширишни сўрашди. Бу ҳақда Patriotic Millionaires UK ташкилоти хабар берди.
Ташаббус Proud to pay («Фахр билан тўлаймиз») деб номланди.
«Миллионерлар — ватанпарварлар, биз бу мамлакатни яхши кўрамиз ва унинг гуллаб-яшнашини хоҳлаймиз. Аммо тараққиёт учун сармоялар зарур, энг асосий фойдаланилмаётган пул манбаларидан бири эса айнан бизда — бугунги кунда деярли солиққа тортилмаётган бойликдир. Бизни солиққа тортишингизни хоҳлаймиз. Биз шуни ўзимизга раво кўрамиз. Ҳар тонг кун кўриш учун ишга отланадиганларнинг солиқларини оширинг демаяпмиз, балки энг бой кишилар — даромади ўз маблағлари ҳисобидан кўпаяётганлар ҳақида гапиряпмиз», — дейилади мурожаатда.
Хатни имзолаганлар орасида Англия терма жамоасининг собиқ сардори Гари Линекер, мусиқачи Брайан Ино, Greggs кафелар тармоғининг собиқ раҳбари Иэн Грегг, актёр Жулия Дэвис, кинорежиссёр Ричард Кёртис кабилар бор.
Patriotic Millionaires UK ташкилоти ўтказган сўровнома натижаларига кўра, британлик миллионерларнинг 80 фоизи бойлиги 10 миллион фунт стерлингдан ошадиганлар учун 2 фоизлик солиқ жорий этилишини қўллаб-қувватлайди, умуман олганда эса, британияликларнинг 75 фоизи бойликка солиқ солиш ғоясини маъқуллайди. 10 миллион фунт стерлингдан юқори бойликка солинадиган 2 фоизлик солиқ Буюк Британияга йилига 24 миллиард фунт стерлинг даромад келтириши мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter