Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

"Бу ўта хавфли қадам!” – БМТ бош котиби огоҳлантирмоқда

Исроил полициячилари Фаластиннинг босиб олинган ҳудудида – Маале-Адумим яқинида хизмат ўтамоқда.

 Фото: Getty Images

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Исроил маъмурияти маъқуллаган ишғол остидаги Фаластин ҳудуди – Ғарбий Соҳилда яҳудийлар учун 3400 дан зиёд уй барпо этиш режасини кескин қоралаб баёнот берди.

“Босиб олинган Ғарбий Соҳил, шунингдек, Шарқий Қуддусда яҳудий манзилгоҳларини қуриш халқаро ҳуқуққа ҳамда БМТнинг резолюцияларига зиддир. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши икки давлат принципига ўта хатарли таҳдид туғдиради”, – дейди БМТ бош котиби.

Исроилнинг яҳудий келгиндилари учун Фаластин ерларида минглаб тураржой қуриш режасини ўта хавфли қадам деб баҳолаган БМТ етакчиси Тель-Авив маъмуриятини бу ҳаракатдан воз кечишга чақирган.

Антониу Гутерриш яна бир карра Исроилга БМТ резолюциялари ҳамда халқаро ҳуқуқ талабларига риоя этиш лозимлигини эслатган.

Буюк Британия, Франция, Италия, Канада каби Ғарбнинг етакчи давлатлари, шунингдек, Европа Иттифоқи – жами 22 давлат ташқи ишлар вазири ҳам Исроилнинг “E1” деб аталаётган ушбу лойиҳасини қоралаб баёнот берди.

Ғарб давлатлари ҳам Исроилнинг ушбу режасини халқаро ҳуқуққа зид ҳаракат деб баҳолаган ва зудлик билан ундан воз кечишга ундаган.

Аввал хабар берганимиздек, ўтган ҳафта Исроил молия вазири Бецалель Смотрич Ғарбий Соҳилда яҳудийлар учун 3400 дан зиёд уй барпо этиш режасини маъқуллади. E1 деб аталган ушбу лойиҳа халқаро ҳамжамият эътирози ортидан тўхтатиб қўйилган эди.

Маале-Адумим ҳудуди ва Қуддус ўртасида яҳудий келгиндилари учун уйлар қурилиши Ғарбий Соҳилни худди пона каби Шарқий Қуддусдан бутунлай ажратиб қўяди.

Исроил молия вазири Бецалель Смотрич Ғарбий Соҳилда минглаб яҳудий уйлари қурилиши билан “Фаластин давлати тузиш ғоясининг жанозаси ўқилиши”ни таъкидлаган.

“Euronews” хабарига кўра, халқаро ҳамжамиятнинг кескин эътирозларига қарамай, Исроил маъмурияти 20 август, чоршанба куни ушбу баҳсли лойиҳани узил-кесил тасдиқлади.

Фаластинликларга нисбатан радикал муносабати билан отнинг қашқасидек танилган Смотрич қурилаётган ҳар бир яҳудий уйи “Фаластин давлати тобутига қоқилган мих” эканини айтган.

Исроил 1967 йилда босиб олинган Фаластин ҳудудлари – Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда кўп йиллардан буён ноқонуний яҳудий уйларини қуриб келади.

Исроилдаги Peace Now инсон ҳуқуқлар ташкилоти Нетаняҳу ҳукуматининг ноқонуний тураржойлар қуриш ҳаракатини қоралар экан, бу орқали Ғарбий Соҳилни бутунлай ишғол этиш кўзланганидан огоҳлантирган. Нетаняҳунинг ўзи бир неча йилдан буён аннексия режасини очиқ муҳокама қилиб келади.

БМТ кўп йиллардан буён Тель-Авивнинг оккупация сиёсатини қоралаб келади. Хусусан, БМТнинг юқори суд органи ҳисобланган Халқаро суд 2024 йил июль ойида Исроил Фаластин ерларидан барча исроилликларни олиб чиқиши ва ноқонуний уйларни қуришни тўхтатиши лозимлиги ҳақида қарор чиқарган.

Таҳлилчиларга кўра, Исроил маъмурияти мустақил Фаластин давлати тузиш ғоясига тиш-тирноғи билан қарши чиқмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, 2024 йил 18 июль куни Исроил парламентида кўпчилик овоз билан Фаластин давлати ташкил этилишини рад этувчи қарор қабул қилинди. Кнессет қарорига халқаро ташкилотлар етакчилари, жумладан, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш эътироз билдирди. Бош котиб таъкидича, 1967 йилги чегараларда, пойтахтлари Қуддус бўлган мустақил, суверен ва демократик икки давлат мавжудлиги минтақада барқарорлик ўрнатишнинг ягона оқилона йўли саналади.

Маълумот ўрнида: Исроил парламенти жорий йил 23 июль куни Ғарбий Соҳилни ўз ҳудудига қўшиб олиш ҳақида қарор қабул қилганди. Бу қарор ҳам халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланган.

Исроил ҳукумати Ғарбий Соҳилда минглаб ноқонуний уйлар қуришни бошлаш билан бир пайтда Ғазо секторини тўлиқ босиб олиш бўйича кенг кўламли ҳарбий амалиётга ҳам киришди.

Жаҳон етакчилари Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Ғазо секторини тўлиқ босиб олиш қарорини кескин қораламоқда. Нетаняҳу маъмуриятининг бу қарорига Исроил мухолифати ҳам қарши чиқмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг