Буюк Британия Фаластинни тан олиш шартини айтди

Лондонда Ғазодаги хунрезликни тўхтатиш ва Фаластин давлатини тан олиш талаб этилган намойиш. 2025 йил 19 июль.
Исроил Ғазо секторида урушни тўхтатиб, сулҳ йўлида амалий қадамлар ташламаса, Буюк Британия жорий йил сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеясида Фаластинни давлат сифатида тан олади.
Қироллик бош вазири Кир Стармерга кўра, Лондон Фаластинни тан олишни Яқин Шарқдаги можарони икки давлат тамойили асосида ҳал этиш йўлидаги ҳаракатларнинг таркибий қисми деб билади.
Стармер ҳукумати БМТ Бош ассамблеяси сессияси арафасида Исроилнинг Ғазода оташкесимга эришув борасидаги ҳаракатларини баҳолайди ва шунга кўра якуний қарорни эълон қилади.
Стармер Ғазо секторидаги гуманитар вазият тобора ёмонлашаётганини таъкидлаб, Исроилни инсонпарварлик кўмаги етказишга тўсқинлик қилмаслик ва тинч аҳоли вакилларини ўққа тутишни тўхтатишга ундаган.
Ўтган ҳафта Франция президенти Эммануэль Макрон расмий Париж жорий йил сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеяси давомида Фаластинни давлат сифатида тан олишини маълум қилганди.
Аслида, бу ҳодиса жорий йил июнь ойида Саудия Арабистонида Франция ҳамраислигида икки давлат (Исроил ва Фаластин) муаммосига бағишланган халқаро анжуманда рўй бериши кутилган, аммо Исроилнинг Эронга қарши уруши сабаб ушбу анжуман ортга сурилган эди.
Франция президенти ортидан Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ҳам Фаластинни алоҳида давлат сифатида тан олиши мумкинлигини маълум қилганди.
Гап шундаки, айни пайтда Буюк Британия ҳукумати икки томонлама босим остида қолмоқда. Бир томондан, Исроилнинг яқин иттифоқчиси ва ҳомийси бўлган АҚШ дунё давлатлари томонидан Фаластин давлати тан олинишига кескин қарши чиқмоқда. Вашингтон Франциянинг бу борадаги қарорини ҳам “қатъий рад этди”.
Таҳлилчиларга кўра, Кир Стармер ҳукумати Фаластинни тан олиб, АҚШ президенти Доналд Трамп билан муносабатларни совуқлаштиришдан хавотирда.
Иккинчи томондан, Ғазо секторида тинч аҳоли орасида қурбонлар сони шиддат билан ошиб бораётган ва ҳудуд очарчилик домида қолган бир пайтда Буюк Британия жамоатчилиги, ҳукумати ва парламентида Фаластин давлатини тан олиш талаби тобора баландроқ овозда янграмоқда. Жумладан, ўтган ҳафта бир қатор вазирлар ҳамда 221 нафар депутат бош вазир Кир Стармерга Фаластин давлатини тан олишни сўраб мурожаатнома йўллади. Мурожаатнома муаллифлари орасида Кир Стармернинг ўринбосари Анжела Рейнер ва ички ишлар вазири Иветт Купер ҳам бор.
Инглиз жамоатчилиги Исроил давлати тузилиши меъморларидан бири бўлган Британиянинг Фаластинни тан олиши юридик ва ахлоқий мажбурият эканини таъкидламоқда.
Ҳозирга қадар Фаластин давлатини БМТга аъзо 150 га яқин мамлакат, жумладан, Ўзбекистон тан олган.
2024 йилда Арманистон, Испания, Норвегия, Ирландия, Словения каби давлатлар Фаластин мустақиллигини тан олди.
Сентябрь ойидаги БМТ машваратида Андорра, Австралия, Канада, Финляндия, Исландия, Люксембург, Янги Зеландия, Португалия ва Сан-Марино ҳам Фаластин давлатини тан олиши мумкин.
Исроил эса мустақил Фаластин давлати тузиш ғоясига тиш-тирноғи билан қарши. Аввал хабар берганимиздек, 2024 йил 18 июль куни Исроил парламентида кўпчилик овоз билан Фаластин давлати ташкил этилишини рад этувчи қарор қабул қилинган.
Кнессет қарорига халқаро ташкилотлар етакчилари, жумладан, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш эътироз билдирди. Бош котиб таъкидича, 1967 йилги чегараларда, пойтахтлари Қуддус бўлган мустақил, суверен ва демократик икки давлат мавжудлиги минтақада барқарорлик ўрнатишнинг ягона оқилона йўли саналади.
Кнессет ўтган ҳафта Фаластиннинг яна бир ҳудуди – Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳилини Исроилга қўшиб олиш ҳақидаги ҳужжатни маъқуллади. Бу қарор ислом олами томонидан кескин қораланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter