Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Cаудия Судандан дўст мамлакатлар фуқаролари эвакуациясини давом эттиради

Cаудия Судандан дўст мамлакатлар фуқаролари эвакуациясини давом эттиради

Саудия Арабистони ёрдам сўраб мурожаат қилган қардош ва дўст мамлакатларнинг фуқароларини Судандан эвакуация қилиш борасидаги эзгу ишларни давом эттиради. Бу ҳақда подшоҳликнинг Ўзбекистондаги элчиси Юсуф ал-Утайбий «Xabar.uz» мухбирига маълум қилди.

Айни вақтда Саудия томони қардош ва дўст мамлакатларнинг ўз юртларига қайтиш истагида бўлган фуқароларини эвакуация қилиш мақсадида Судандаги ҳамкорлар билан хавфсиз йўлакларни таъминлаш хусусида бевосита мулоқот олиб бормоқда. Келиш жойларида уларга кириш визаси берилиши мувофиқлаштирилмоқда.

Дипломатга кўра, подшоҳлик Икки муқаддас масжид ходими ва унинг содиқ валиаҳди кўрсатмасига биноан ҳамда бутун дунё мамлакатлари фуқаролари олдидаги бурчидан келиб чиқиб, қардош Судан Республикасидан фуқароларни эвакуация қилиш ишларини амалга оширди.

Аввал хабар берганимиздек, Саудия ҳарбий-денгиз кучлари Қуролли кучларнинг бошқа бўлинмалари билан амалга оширган амалиёт давомида қуролли тўқнашувлар кечаётган Судан ҳудудидан 157 киши олиб чиқилди. Бу қарийб икки ҳафта буён уруш кечаётган мамлакатда амалга оширилган илк қутқарув амалиётидир.

Амалиёт давомида 91 нафар Саудия фуқароси қутқарилган. Шунингдек,  12 мамлакатнинг (Кувайт, Қатар, БАА, Миср, Тунис, Покистон, Ҳиндистон, Болгария, Бангладеш, Филиппин, Канада ва Буркина Фасо) 66 нафар фуқароси – дипломатлар ва халқаро ташкилотлар хизматчилари ҳам низоли ҳудуддан олиб чиқилган. Яқин кунларда мазкур рақамлар ошиши кутилмоқда.

Икки муқаддас масжид ходимининг юртимиздаги элчиси таъкидлашича, Саудия томони Судандаги биродарларнинг эвакуацияни амалга ошириш учун яратиб берган енгилликларини қадрлайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг