Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чифте Минарели – Туркиядаги илк астрономия мактаби яратилган мадраса

Чифте Минарели – Туркиядаги илк астрономия мактаби яратилган мадраса

Туркиянинг тоғли сўлим гўшаларидан бири бўлган Арзирумга саёҳат қилар эканмиз, у манзилдаги қадимий деворлар, кўп салтанатларга гувоҳ бўлган замин ва осмон сизга қизиқ тарихларни ҳикоя қилади.

Туркиянинг шимоли-шарқида жойлашган ушбу шаҳар қадимда турли давлатлар таркибида бўлиб келган ва шу боис ҳам турли хил ном билан аталган. 11-асрдагина салжуқийлар қўл остига ўтгач, ҳозирги ном билан атала бошлаган.

1514 йилдан Усмонлилар салтанати таркибида, 1923 йилдан эса замонавий Туркия таркибида бўлган Арзирумда бугунги кунгача қатор меъморий ёдгорликлар сақланиб қолган ва бу мамлакатда туризмни ривожлантириш йўлида катта аҳамият касб этяпти.

Шундай тарихий обидалардан бири шаҳарнинг эски қалъаси рўпарасида жойлашган Чифте Минарели (Жуфт минорали) мадрасаси бўлиб, у милодий 1271 йилда Салжуқ султони Алоуддин Кайқубод I нинг қизи Худованд хотун томонидан қурилгани айтилади. Шу боис ҳам айрим манбаларда мадрасининг номи Хатуния мадрасаси тарзида ҳам учрайди.

Мадраснинг «Чифте Минарели» деб номланишига эса монументал фасадни ўраб турган баландлиги 26 метр бўлган иккита найсимон минора сабаб бўлган.

Мутахассислар мадрасанинг шарқий кириш эшиги ва иккита минорали безакли ғишт ва кошиндан ясалган улкан тошли кўриниши ажойиб санъат асари дея баҳолайдилар. Киришнинг ҳар икки томонида панно мавжуд бўлиб, ўнг томонида икки бошли бургут расми тасвирланган. Чап тарафдаги нақш эса тугалланмаганга ўхшайди.

Мадраса марказида 26х10 метр ўлчамдаги ҳовли бўлиб, унинг атрофида турар-жой ва талабалар хоналари бўлган иншоот билан ўралган. Ҳовлига ғарбдан масжид туташади ва жанубий қисмида 3 та мақбара жойлашган.

Шунингдек, Онадўлидаги илк астрономия мактаби шу ерда яратилгани айтилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг