Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Даволаниш учун Ҳиндистонга борган ўзбекистонликлар тунаб кетилди

Даволаниш учун Ҳиндистонга борган ўзбекистонликлар тунаб кетилди

Ҳиндистоннинг Гуруграм (Гургаон) шаҳрида полиция либосида бўлган бир гуруҳ шахслар ўзбекистонлик фуқаро пулини ўмариб кетган. Бу ҳақда «Press Trust of India» ахборот агентлигига таяниб «Дунё» АА маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Гуруграм шаҳрининг 53-секторида шанба куни кечки соат 21:00 атрофида меҳмонхонага қайтиб келаётган уч нафар ака-укани полициячилар тўдаси гўёки ҳужжатларни текшириш баҳонасида тўхтатган. Сумкаларни кўздан кечириш жараёнида 16 минг АҚШ долларини ўғирлаб, қочиб кетган.

Ўзини Б.С. деб таништирган Ўзбекистон фуқароси Гуруграм шаҳрида жойлашган «Artemis» шифохонасига буйрак кўчириш амалиётини ўтказиш учун келганини айтган.

 Б.С. ушбу воқеа юзасидан маҳаллий полиция идорасига мурожаат қилган.

Ҳозир Гуруграм шаҳрининг 53-сектори полиция бўлими томонидан жиноят қонунчилигининг 379А (тортиб олиш орқали ўғирлик), 419 (ўзини бошқа киши деб таништириш йўли билан алдаш) ва бошқа моддалари бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Элчихона томонидан Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа расмий идоралар билан мазкур ҳолат юзасидан мулоқотлар ўтказилган, вазият назоратга олинган.

Дипломатик миссия, ўз навбатида, ватандошларни Ҳиндистон ҳудудидаги молиявий масалалар билан боғлиқ вазиятларда шахсий хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш, йирик миқдордаги нақд пул ишлатмаслик, балки банк карталаридан ёки пул ўтказиш амалиётидан кенг фойдаланишга чақирмоқда.

Шунингдек, бундай ҳолатлар юзага келган тақдирда зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилиши учун зудлик билан +91 11 2467 0774/75 телефон рақамларига ёки @consuluzbindia_bot’га мурожаат қилишни сўрамоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг