Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунё бўйлаб туғилиш даражаси пасаймоқда — Financial Times

Дунё бўйлаб туғилиш даражаси пасаймоқда — Financial Times

Дунё мамлакатларининг катта қисмида туғилиш даражаси аҳоли сонини табиий равишда сақлаб туриш учун зарур бўлган 2,1 кўрсаткичидан пастга тушди. Financial Times ҳисоб-китобларига кўра, бундай ҳолат 195 давлатнинг учдан иккисидан кўпроғида кузатилмоқда.

Сўнгги йилларда туғилишнинг кескин пасайиши нафақат ривожланган, балки ривожланаётган мамлакатларда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Масалан, Таиландда бир аёлга тўғри келадиган ўртача фарзандлар сони 0,78 нафаргача тушган. Мексикада эса туғилиш даражаси сўнгги 25 йилда қарийб икки баравар қисқариб, 2024 йилда 1,2 нафарга етган.

Иқтисодчи Хесус Фернандес-Вильяверде бу жараённи вақтинчалик демографик ўзгариш эмас, балки бир неча авлод давом этиши мумкин бўлган узоқ муддатли тенденция сифатида баҳолайди. Унинг фикрича, жаҳон аҳолиси 2050-йилларда энг юқори нуқтага чиқиб, шундан кейин камая бошлаши мумкин.

Муаммонинг яна бир жиҳати шундаки, айрим давлатлар иқтисодий жиҳатдан бойиб улгурмасдан аҳолиси қариб бормоқда. Мексика ва Таиланд каби мамлакатлар келажакда кексаларни ижтимоий ва тиббий таъминлаш учун катта харажат қилишга мажбур бўлиши мумкин.

Мутахассислар туғилиш пасайишига бир нечта омил таъсир қилаётганини қайд этмоқда. Улар орасида иқтисодий беқарорлик, уй-жой муаммоси, оила қуриш ёшининг кечикиши ва ёшларнинг кундалик ҳаётида рақамли технологиялар улушининг ортиши бор.

Цинциннати университети тадқиқотида смартфон ва мобил интернетнинг кенг тарқалиши ҳам ёшлар ўртасидаги шахсий мулоқот ва муносабатларга таъсир қилиши мумкинлиги қайд этилган. Ёшлар интернетда кўпроқ, биргаликда эса камроқ вақт ўтказмоқда.

Мутахассислар паст туғилиш тенденцияси узоқ давом этса, меҳнатга лаёқатли аҳоли сони қисқариши, пенсия ва соғлиқни сақлаш тизимларига босим ортиши ҳамда иқтисодий ўсиш суръатларига таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг