Экзитпол: Қозоғистонликлар АЭС қурилишига «ҳа» дедими ёки «йўқ»?
Қозоғистонда 6 октябрь куни бўлиб ўтган атом электр станцияси қурилиши бўйича референдум юзасидан экзитпол натижалари эълон қилинди.
Остона комплекс ижтимоий тадқиқотлар институти ўрганишларига кўра, 69,8 фоиз қозоғистонлик АЭС қурилишини ёқлаб овоз берган, 30,2 фоизи унга қарши чиққан.
Евроосиё интеграция институти сўровида ёқловчилар ва қаршилар нисбати 71,8 фоизга 28,2 фоизни ташкил этган.
Жамоат сиёсати институти экзитполига кўра эса, референдумнинг 72,3 иштирокчиси атом энергетикаси учун овоз берган, 27,7 фоизи эса бу ташаббусни дастакламаган.
Маълумот ўрнида, экзитпол (exit poll) жаҳон амалиётида кенг қўлланувчи ижтимоий сўров туридир. Бунда ижтимоий тадқиқот хизматлари ходимлари сайлов участкасидан чиқаётган фуқароларни саволга тутган ҳолда умумий кайфиятини аниқлайди.
Аввал хабар берганимиздек, Қозоғистонда кеча бўлиб ўтган референдумда фуқаролар «Сиз Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз?» деган саволга жавоб қайтарди.
Мамлакат Марказий сайлов комиссияси овоз бериш учун 12 миллион 244 минг 683 нафар фуқарони рўйхатга олган.
Дастлабки маълумотларга қараганда, овоз бериш ҳуқуқига эга 7 820 918 нафар қозоғистонлик (электоратнинг 63,87 фоизи) конституциявий ҳуқуқидан фойдаланди.
Референдумнинг якуний натижалари 7 кун ичида эълон қилинади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter