Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрдўғон сайловдан кейинги илк чиқишида нима ҳақда гапирди?

Эрдўғон сайловдан кейинги илк чиқишида нима ҳақда гапирди?

Туркиянинг навбатдаги беш йилликка сайланган президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 29 майга ўтар кечаси Анқарада йиғилган 320 минг кишилик издиҳом қаршисида зафар нутқини сўзлади. 

Туркия раҳбари сиёсий танловидан қатъи назар сайловда фаол қатнашган барча фуқароларга миннатдорлик билдирди.

«Биз аввалги сайловларда бўлгани каби, бу гал ҳам сайловчилар хоҳиш-иродасига ҳурмат билан муносабатда бўламиз. Сайловда фақат биз эмас, бутун Туркия, демократия ғалаба қозонди! 28 май кунги сайловда мағлуб томон бўлмади, Туркиянинг 85 миллион халқи зафар қучди. Миллий мақсад ва маслакларимиз йўлида бирлашиш ва бир ёқадан бош чиқариш вақти келди», – деди у.

Сиёсатчи 1950-йиллардан буён, собиқ бош вазир Аднан Мендерес бошқаруви давридан бери Туркияни кучсизлантириш учун муаммолар яратиб келинганини ёдга олди.

«Бугун собиқ президент Турғут Ўзол ва собиқ бош вазир Нажмиддин Эрбоқон илгари сурган мақсадларни амалга ошириш жараёни бошланганини эълон қиламиз. Туркия сўнгги 10 йиллар давомида юзма-юз келаётган муаммолар ягона мақсад – бугунги ғалабанинг олдини олиш мақсадида яратилган эди», – деди Эрдўғон.

Эндиликда барча куч-ғайрат «Туркия юзйиллиги» концепциясини амалга оширишга сафарбар этилади.

Бугунги кунда инфляция Туркия иқтисодиёти олдидаги муҳим муаммо бўлиб қолмоқда. Эрдўғон иқтисодиётнинг янги модели айнан молиявий барқарорликни тиклаш, аҳоли бандлигини ошириш ва сармоялар жалб этишга йўналтирилишини урғулади.

«Инфляция ва нарх ошиши оқибатида юзага келган зарарларни бартараф этишни яқин истиқболдаги бирламчи вазифа деб биламиз. Туркияда истеъмолчилар имкониятини оширувчи, ишлаб чиқарувчилар даромадини кўпайтирувчи, деҳқон ва чорвадорлар харажатларини камайтирувчи янги иқтисодий тизим жорий этилади», – деди нотиқ.

Таъкидланишича, жорий йил 6 февраль куни рўй берган зилзила оқибатларини бартараф этиш, табиий офат ҳудудларини тиклаш ҳам устувор йўналиш бўлиб қолади.

Суриялик қочқинлар тақдири номзодлар ўртасидаги сайловолди баҳсларда асосий мавзу бўлгани сир эмас. Эрдўғонга кўра, ҳозирга қадар 600 мингга қадар суриялик ўз ватанидаги хавфсиз ҳудудларга ихтиёрий равишда қайтарилди. Қатар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган уй қурилиши лойиҳаси доирасида яна бир миллион қочқин Сурияга қайтиши кутилмоқда.

Туркия президенти ҳозирги геосиёсий долғалар шароитида кучлар мувозанатини сақлаш муҳимлигига ҳам эътибор қаратган.

Эслатиб ўтамиз, Туркия Олий сайлов кенгаши президент сайловининг иккинчи босқичида 52,14 фоиз овоз олган Ражаб Тоййиб Эрдўғон ғолиб бўлганини эълон қилди. Бирлашган мухолифат номзоди Камол Қиличдорўғли эса 47,86 фоиз овоз олган.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 май куни телефон орқали мулоқотда Ражаб Тоййиб Эрдўғонни президентлик сайловида эришган ишончли ғалабаси билан қутлаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг