Эстония Россия дипломатини мамлакатдан чиқариб юборади

Эстония Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Таллиндаги элчихонасида биринчи котиб лавозимида ишлаган дипломатни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилди.
Расмий маълумотга кўра, у Эстониянинг конституциявий тузумини ва ҳуқуқий тизимини издан чиқариш, жамиятни парчалаш ҳамда давлатга қарши жиноятларни содир этишга, шу жумладан санкцияларни бузишга уринган.
Эстониянинг ERR нашри дипломатнинг шахсига аниқлик киритиб, унинг Дмитрий Прилепин эканлигини ёзди.
Ташқи ишлар вазири Маргус Цахкнанинг таъкидлашича, Россия элчихонасининг мамлакат ички ишларига аралашуви тугатилиши шарт ва дипломатни чиқариш орқали Эстония хорижий давлат томонидан мувофиқлаштирилган ҳар қандай фаолиятни чеклашини кўрсатмоқда.
Россиянинг Украинага қарши тўлиқонли уруш бошлаганидан сўнг Эстония Россия билан дипломатик алоқалар даражасини пасайтирган, консулхоналар ёпилган ва элчилар қайтарилган.
Ҳозирда Таллиндаги Россия элчихонасига вақтинчалик ишлар вакили Ленар Салимуллин раҳбарлик қилади. Дипломатни чиқариш қарори ва расмий нота унга топширилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter