Ғазода 7 октябрдан буён 60 нафар журналист ўлдирилган
Исроилнинг Ғазо секторини бомбардимон қила бошлаган кун – 7 октябрдан бери 60 нафар журналист ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда Фаластин ҳукуматининг Ғазодаги матбуот бўлими.
Ҳалок бўлган ОАВ вакилларининг 4 нафари аёллар экани айтилмоқда.
Баёнотга кўра, ҳалок бўлган журналистларнинг баъзилари ЦАХАЛ томонидан уюштирилган ҳаво ҳужумлари оқибатида оилалари билан бирга вайроналар орасида қолиб ҳалок бўлишган, баъзилари эса бевосита Исроил армиясининг ракета ҳужумларига учраб ўлим топишган.
Эслатиб ўтамиз, 7 октябр куни эрталаб Хамас Исроилга қарши Ал-Ақсо тўфони операцияси бошланганини эълон қилганди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
Хамаснинг айтишича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириши ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ўнлаб қирувчи самолётлар ёрдамида ХАМАСга қарши «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди, бу эса Ғазо аҳолисининг қирғинига айланиб кетди. 27 октябр куни Исроил Ғазода қуруқликдаги ҳарбий операцияни бошлади.
Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумлари 40 кундан бери давом этмоқда. Айни пайтда Исроил ҳужумлари натижасида қурбон бўлганлар сони 12 минг кишидан ошиб кетган.
7 октябрдан бери Исроилнинг эксклавдаги ҳужумлари туфайли камида 5000 бола ва 3300 аёл қурбон бўлган. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаво, қуруқлик ва денгиздаги оммавий бомбардимонлари ҳамда эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармон танқислигидан азият чекмоқда.
Ўтган ойдан бери Исроилнинг қамалдаги эксклавга ҳаво ва қуруқлик ҳужумлари натижасида минглаб бинолар, жумладан касалхоналар, масжидлар ва черковлар ҳам зарар кўрган ёки бутунлай вайрон қилинган.
Исроил томонининг йўқотишлари 1200 нафарга яқин экани айтилмоқда.
БМТ Бош Ассамблеяси зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди. Шу билан бирга, Иордания таклиф қилган резолюция учун 120 давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам овоз берди. Бироқ Исроил бу ҳужжатни тан олмаслигини билдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter