«Германия Европа хавфсизлиги учун масъулиятни тан олади» – Олаф Шолц

Германия Европа ҳамда НАТО ҳудуди бўйича хавфсизлик учун масъулиятни чуқур ҳис қилади, бу ўринда «агар» ва «лекин»ларга асло ўрин йўқ, деди канцлер Олаф Шолц Мюнхен шаҳрида ташкил этилган анъанавий хавфсизлик анжуманидаги нутқида.
Олмон етакчисига кўра, Германия каби иқтисодий қудрат ва жуғрофий жойлашувга эга мамлакат ҳозиргидек мушкул вазиятда жавобгарликни ўз зиммасига олиши мақсадга мувофиқдир.
НАТО мамлакатлари Россиянинг Украинага босқини ортидан мудофаа харажатларини оширишни кўзламоқда. Олаф Шолц ўз нутқида Германия ҳам НАТО белгиланган кўрсаткичга мувофиқ ЯИМда мудофаа улушини 2 фоизга етказишини қайд этди.
Сиёсатчи Германия рус босқинига қарши мардонавор курашаётган Украина билан бирдам эканини таъкидлагани ҳолда, бу борада белгиланган сиёсатда собит эканини урғулади.
Расмий Берлин Украина босқини бошланганидан буён мазлум давлатга турли йўналишларда кўмак кўрсатиб келмоқда. Масалан, жорий йил январь ойида олмон ҳукумати «Леопард» танкларини Киевга топширишга розилик берган эди.
О.Шольц Мюнхендаги чиқишида иттифоқчиларни ҳам Киевга ваъда қилинган «Леопард» танкларини ўз вақтида етказишга ундади. Унга кўра, Украинага зарур қуролларнинг етказилиши ҳақсиз урушнинг тезроқ якунланишига хизмат қилади. Россия президенти Владимир Путин империалистик мақсадларига ета олмаслигини қанча тез тушунса, уруш шунча тез хотима топади, дейди О.Шолц.
Германия канцлери БМТ Бош ассамблеясидаги маърузасида ҳам Россиянинг Украинага босқинини кескин қоралаган, Кремлни империализм сиёсати юритишда айблаган эди.
Эслатиб ўтамиз, 17–19 февраль кунлари Мюнхенда бўлиб ўтган анъанавий хавфсизлик машваратида 100 га яқин давлатдан сиёсий таҳлилчилар, экспертлар, 40 га яқин давлат ва ҳукумат раҳбарари, 100 га яқин ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари қатнашди. Бу йил Мюнхен анжуманида асосан Россиянинг Украинага босқини оқибатлари ва урушни тўхтатиш йўллари муҳокама қилинди. Нуфузли анжуманга 20 йиллик муддат ичида илк бор Россия раҳбарияти таклиф этилмади. Анжуман раиси Кристоф Ҳойсген Кремлга пропаганда учун минбар берилмаслигини маълум қилган.
Хавфсизлик бўйича Мюнхен анжумани 1963 йилдан буён ташкил этиб келинади. Тадбирда сиёсатчилар, таҳлилчилар, ҳарбийлар ва ишбилармон доира вакиллари ташқи сиёсат, хавфсизлик, мудофаа каби долзарб йўналишларида фикр алмашади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter