Германия канцлери уч асрда ҳам эскирмаган илмий таълимот ҳақида гапирди
22 апрель куни дунё илм-фанида ўчмас из қолдирган атоқли олмон файласуфи Иммануил Кант (1724–1804) таваллудига 300 йил тўлди. Берлин шаҳрида ушбу йирик сана муносабати билан ташкил этилган тантанали анжуманда Германия канцлери Олаф Шольц маъруза қилди.
Олмон ҳукумати раҳбари Иммануил Кантни Ғарб фалсафасининг етук намояндаларидан бири деб атади. Қайд этилишича, улуғ мутафаккир ўз таълимоти орқали илм-фаннинг муҳим жумбоқларига жавоб берибгина қолмай, инсониятнинг азалий муаммолари – уруш ва тинчлик борасида ҳам мушоҳадалари билан ўртоқлашган.
Айниқса, Россиянинг Украинага босқини долзарб муаммо бўлиб турган бир пайтда файласуфнинг бу борадаги қарашлари аҳамияти яна ортмоқда. «Ҳужумга учраган томон ҳимояланишга ҳақли», дейди Кант. «Шунчаки оташкесим ва жанговар ҳаракатларга танаффус эълон қилиш билан чинакам тинчликка эришиб бўлмайди», дейди мутафаккир яна бошқа бир ўринда.
Шу каби фикрларни ёдга олган Германия канцлери Олаф Шольц Россия президенти Владимир Путиннинг Кантдан иқтибос келтиришга ҳақи йўқлигини таъкидлади.
Гап шундаки, Путин Украинага тажовузни оқлаш учун Кант фикрларини дастак сифатида келтирган эди.
Шольц олмон файласуфи таълимотидан пропаганда мақсадида фойдаланаётган Россия раҳбариятини танқид қилар экан, бир давлатнинг бошқа давлатга босқини Кант таълимотига буткул зид эканига эътибор қаратган.
Иммануил Кант 1724 йил 22 апрель куни Шарқий Пруссиянинг Кёнигсберг шаҳрида туғилган. У маърифатпарварлик даврининг буюк мутафаккирларидан бирига айланди. Олим “Осмоннинг умумий табиий тарихи ва назарияси” (1755), “Ахлоқ метафизикаси асослари” (1775), “Соф ақлни танқид” (1781), “Амалий ақлни танқид”(1788), “Муҳокама қобилиятини танқид”(1790), “Инсон табиатидаги азалий ёмонлик” (1792) каби асарлари билан фалсафа, ахлоқ ва метафизикага улкан таъсир кўрсатди. 1804 йил 12 февралда айнан Кёнигсберг шаҳрида вафот этган Кант ўзидан бой илмий мерос қолдирди. Олимнинг асарлари бугунга қадар илмий аҳамиятини йўқотмаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter