Германия «Шимолий оқим – 2»ни тўхтатадими?

Германиядаги сайлов якунлари «Шимолий оқим – 2» иш қобилиятига таъсир кўрсата олмаслиги, газ қувурининг ишлашига қарши ҳар қандай уруниш биринчи галда немисларга таъсир этиши таъкидланди. Бу ҳақда немис сиёсатшуноси Александр Рар «Sputnik» нашрига маълум қилди.
Унинг фикрига кўра, ҳокимиятга бу лойиҳага очиқ қарши бўлаётган яшиллар партияси вакиллари келиши эҳтимолдан йироқдир. «Мен яшиллар биринчи ўринни олиши учун ҳеч қандай имкониятга эга эмас деб ҳисоблайман. Агар улардан канцлер чиқса ҳам, бўлғуси ҳукуматда асосий вазирликларни эгаллашса ҳам, «Шимолий оқим - 2»ни тўхтата олишмайди», дея ишонч билан таъкидлайди олим.
Агар уни тўхтатган тақдирда ҳам лойиҳани қурган компаниялар билан судлашув бўлишини, катта миқдорда товон пули тўлашга тўғри келишини, бу эса Германия манфаатларига жиддий зарар етказишини билдириб ўтди.
Шунга қарамай, мухолиф «Иттифоқ-90/Яшиллар» партияси рус газидан воз кечишнинг фаол тарафдори бўлиб қолмоқда. Агар улар ҳокимиятга келса Россия билан келишувлар оғир бўлиши башорат қилинмоқда.
ГФР Бундестаги халқаро масалалар қўмитаси аъзоси Вальдемар Гердтнинг айтишича, мухолифат томонда туриб гапириш бошқа, вазиятни ичига кириб масъулиятни зиммага олиш бутунлай бошқа нарсадир. «Болалар боғчалари, мактабларни иситиш керак. Корхоналарга электр энергияси зарур. Биз бу лойиҳасиз ушбу режаларимизни амалга ошира олмаймизку ахир», дейди халқ ноиби.
Маълумотларга кўра, энергетика соҳасида ҳозир Германияда вазият яхши эмас. Газ омборхоналари фақат 70 фоиз тўлган. Саноатни пандемиядан кейин тиклаш ва кутилаётган совуқ қиш мавзуми улкан энергоресурслар тақчиллигини вужудга келтириши мумкин.
Россиядан Германияга Болтиқ денгизи тубидан ўтган қувур Европага рус газини етказиб беради. 10 сентябрда газ қувури тўлиқ қуриб битказилган. Аммо унга Болтиқ бўйи давлатлари, Польша, АҚШ ва Украина қарши чиқмоқда. Қолаверса, унинг фойдаланишга келгуси йилнинг февралидан олдин топширилмаслиги маълум бўлди.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг билдиришича, ҳозирги вақтида лойиҳа бўйича Германия тегишли муассасаларидан зарурий рухсат олинмоқда. Бу жараён тахминан тўрт ойгача вақтни олиши мумкин.
Германия Федерал тармоқлар агентлиги «Nord Stream 2 AG» компанияси томонидан «Шимолий оқим – 2»ни сертифакатлаш бўйича мустақил газ транспорт оператори сифатида мурожаат келиб тушганини тасдиқлади.
Шу кунларда Европа бозорларида қисқа муддатли шартномалар бўйича газ нархи 900 долларгача кўтарилиб кетгани ҳам лойиҳанинг аҳамияти кўрсатиб берди. Бу эса тиш тирноғигача қарши бўлаётган Вашингтоннинг ҳар қанча сакнциялар билан қўрқитишига қарамай, Германия маъмурлари ўз манфаатларини ҳимоя қилишдан чекинмаслигини кўрсатади.
Афғонистонда АҚШнинг шошилинч чиқиб кетиши ҳам унинг ЕИдаги иттифоқдошлари ҳафсаласини пир қилгани аниқ.
Насибахон Бўриева
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter