Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Германия ТИВ “мутлақо маънисиз уруш”ни тўхтатишга чақирди

Германия ТИВ “мутлақо маънисиз уруш”ни тўхтатишга чақирди

Фото: Photothek

Россия президенти Владимир Путин, ниҳоят, Украинага қарши урушни тўхтатиши лозимлигини англаб етмоғи даркор. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Йоҳанн Вадефуль (Johann Wadephul) DW’га берган интервьюсида таъкидлади.

“Россия ҳам ушбу урушда минглаб ёшларини йўқотмоқда. Бу – Россиянинг ўзи ва аҳолисига ҳам улкан зиён келтираётган мутлақо маънисиз урушдир. Путин шуни билиши керакки, агар музокараларга рози бўлмас экан, янги санкциялар жорий этилади. Европа ва, назаримда, жараёнларда иштирокини инобатга олсак, АҚШ ҳам бунга тайёр”, – деди Йоҳанн Вадефуль.

Германия ташқи ишлар вазири АҚШ президенти Доналд Трампнинг Россия президенти Владимир Путин билан музокаралари ортидан тинчлик учун яхши имконият пайдо бўлганига эътибор қаратган.

“Америка президенти Доналд Трамп катта жонбозлик кўрсатган ҳолда Россия президенти Владимир Путиннинг Украинага қарши жанговар ҳаракатлар ҳамда ҳужумларни тўхтатиш, тинчлик ечимини муҳокама қилиш ҳақида жиддий равишда ўйлай бошлашига эришди. АҚШ президенти Украинага хавфсизлик борасида кафолат тақдим этишга ваъда бергани ҳам ижобий ҳолат ҳисобланади. Буларнинг бари даҳшатли уруш бошланганидан буён илк бор ҳодисалар ижобий ўзанда ривожланиши мумкинлигидан дарак бермоқда. Аммо ҳозир ҳамма Владимир Путиннинг урушни тугатиш ҳақидаги гаплари чиндан ҳам жиддийми деб кутаётир. Афсуски, фронтда аввалгидек ўзгача манзарани кузатиш мумкин”, – дея Россиянинг Украинага қарши ҳужумлари ҳали-ҳамон давом этаётганига ишора қилган олмон бош дипломати.

Айни пайтда хавфсизлик кафолатининг бир қисми сифатида Европа давлатлари Украинага тинчликпарвар аскарларини юбориши мумкинлиги муҳокама этилмоқда. Германия ташқи ишлар вазири бу борада музокаралар кетаётгани, ҳаммаси жанговар ҳаракатларнинг тўхтатилишига боғлиқ эканини қайд этган.

“Федерал канцлер Фридрих Мерц қасамёд қилиши билан, аввал-бошданоқ (Украинадаги уруш масаласида) тўлиқ жонбозлик кўрсатиб келмоқда. У Киевга ташриф буюрди, кўплаб анжуманлар ўтказди, президент Зеленскийнинг Вашингтонга сафарида ҳамроҳлик қилди. Германия, унинг ҳукумати ва канцлери бу борада масъулиятни теран ҳис қилади”, – деб таъкидлади Йоҳанн Вадефуль.

Ҳозирда дунё афкор оммаси Украина ва Россия президентлари Зеленский ва Путиннинг учрашуви қачон, қаерда ва қандай шартларга кўра ўтиши мумкинлигини муҳокама этмоқда. Германия ТИВ ушбу учрашув ўтишига умид билдирган ҳолда, бу борада шубҳалар ҳам мавжудлигини истисно этмаган.

Аввал хабар берганимиздек, Германия федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайер расмий Берлин Россия босқинидан ҳимояланаётган Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиши ҳақида баёнот берганди. Сиёсий етакчига кўра, Германия гуманитар ва ҳарбий кўмак кўрсатиш, қочқинларни қўллаб-қувватлаш орқали қатъий равишда Украина томонида туради.

Жорий йил июнь ойида Германия Украинага ҳарбий ёрдамнинг навбатдаги транши сифатида 1,9 миллиард евро ажратишини маълум қилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг