Илҳом Алиев: «Нефть лаънатидан қутулдик»
Озарбайжон нефть ва газ захираларига эга бўлган кўплаб давлатлар дуч келган нефть лаънатидан қочишга муваффақ бўлди. Боку нефтни тараққиётга айлантира олди.
Бу ҳақда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев «Евроньюс» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
«Биз табиий бойликнинг адолатли тақсимланишини таъминлашга муваффақ бўлдик. Ўтган йигирма йил ичида биз Озарбайжонда қашшоқлик даражасини 50 фоиздан 5 фоизга туширдик. Бокуда кўраётганларингизнинг ҳаммаси инфратузилманинг мутлақо янги ривожланиши ва одамларнинг турмуш шароитини яхшиланиши намунасидир», — деди Илҳом Алиев.
Журналист президентдан Озарбайжон эришган ютуқлар, Жанубий газ коридорини муваффақиятли ишлатиш ва ривожлантириш бўйича кейинги қадамлар ҳақида сўраган.
Алиевнинг сўзларига кўра, лойиҳа эндигина бошланаётган пайтда оптимистлар ҳам, пессимистлар ҳам, бунинг иложи йўқ деб ҳисоблайдиганлар ҳам бўлган.
«Аммо биз қатъиятли эдик ва бу мумкинлигини билардик. Лекин бизга кенг халқаро ҳамкорлик керак эди. Биз эса етакчи халқаро молия институтларини ўз маблағлари билан қўллаб-қувватлашга таклиф қилиб, давлатлар ўртасида, компаниялар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга киришдик. 3500 километрлик қувур эса энди ҳақиқатга айланди. Бу энди орзу эмас», — деди президент.
Алиевнинг эслатишича, лойиҳа ҳозирда кўплаб мамлакатларни қамраб олади, чунки табиий газни янги манзилларга етказиш имконини берувчи янги интерконнекторлар пайдо бўлди.
Аслида, бу энергия таъминоти географиясини, шунингдек, энергия хавфсизлиги билан боғлиқ масалаларни бутунлай ўзгартиради, дея тушунтиради президент.
Илҳом Алиевнинг таъкидлашича, қазиб олинадиган ёқилғига бой давлат яшил энергияга ўтиш жараёнида давлатлар орасида биринчи ўринда туриши керак.
«Биз буни анъанавий ресурслар етишмагани учун эмас, балки молиялаштириш, нефть ва газдан олган даромадларимиздан қайта тикланадиган энергияга сармоя киритиш ва уларнинг эҳтиёжлари бўйича умумий тушунча яратиш орқали ўз ҳиссамизни қўшмоқчи бўлганимиз учун қиляпмиз», — дея давом этади президент.
Алиев Каспий денгизи сатҳи йилдан-йилга пасайиб бораётганига эътибор қаратган. «Денгиз соҳилида яшовчи ҳар бир киши буни, ҳатто Боку марказида ҳам кўради. Биз иқлим ўзгаришининг хавфли оқибатларини кўряпмиз, яъни: дарёларимизда сув, тоғларимизда қор кам, Каспий денгизида ҳам сув пасаймоқда. Бу муаммони бирдамликда ҳал қилмасак, бундан ҳамма зарар кўради», — дея огоҳлантирди у.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter