Ишғол даврида ёқиб юборилган масжид қайта бунёд этилди — Озарбайжон
25 апрель куни Озарбайжоннинг Ағдам шаҳрида янгидан бунёд этилган қадимий Жума масжиди фойдаланишга топширилди. Тарихий масжид очилиш маросимида Озарбайжон ҳамда Қирғизистон президентлари Илҳом Алиев ва Садир Жапаров иштирок этди.
Жума масжиди даставвал 1868-1870 йилларда атоқли меъмор Карбалойи Сафихон Қорабоғий томонидан бунёд этилган. Ағдам шаҳри арман оккупациясига ўтган даврда масжид ёқиб юборилган.
Озарбайжон армияси Қорабоғда 2020 йилнинг кузида бўлиб ўтган 44 кунлик уруш давомида қарийб 30 йил ишғол остида бўлган ҳудудларини қайтариб олди. Ағдам шаҳри ҳам ўша йилнинг 20 ноябрида озод қилинди. Шундан кейин тарихий масжидни қайта қуриш ишлари бошланди.
Озарбайжон давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, масжидни реставрация қилиш Ҳайдар Алиев жамғармаси томонидан, австриялик мутахассислар иштирокида амалга оширилди. Иморатнинг асл ҳолатини тиклаш мақсадида илмий тадқиқотлар, қазилма ишлари олиб борилди. Шу тариқа кўҳна масжид аслиятга яқин ҳолда қайта тикланди.
Озарбайжон томони оккупация даврида Қорабоғ минтақасидаги тарихий-маданий обидалар аянчли ҳолатга солингани ҳақида бонг уриб келади. Мамлакат ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамовга кўра, ишғол йиллари минтақадаги 67 масжиддан 65 таси ер билан яксон қилинган, 2 таси таҳқирланган.
Айни пайтда Қорабоғда вайрон этилган тарихий обида ва ёдгорликларни тиклаш бўйича кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Жумладан, Ағдам шаҳридаги «Имарет» мажмуаси зиёратгоҳ масканга айлантирилмоқда.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил март ойида Туркий кенгаш саммитидаги нутқида Ўзбекистон Қорабоғ заминидаги кўҳна обидалар, маданият ва маърифат масканларини тиклаш ишларига ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирган.
Ўзбекистон қардошлик ва дўстлик рамзи сифатида Фузулий шаҳрига 960 нафар ўқувчига мўлжалланган замонавий мактаб совға қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter