«Журналистика жиноят эмас!» – Германия ташқи ишлар вазири
Эркин ахборотсиз демократик қадриятлар устуворлигига эришиб бўлмайди, деди Германия ташқи ишлар вазири Ҳайко Маас 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан берган баёнотида.
Қайд этилишича, мустақил матбуот жамият тараққиёти учун ҳаёт-мамот масаласи саналади.
Германия бош дипломати дунё бўйлаб журналистлар ҳамон касбий фаолияти сабаб ўлдирилаётганини таассуф ила қайд этган. Биргина 2020 йилда 50 дан зиёд ОАВ вакили ўлдирилди, кўплаб журналистлар ҳибс ҳамда қийноқларга дучор этилди. «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти ҳисоб-китобига кўра, ўтган йили сайёрамиз бўйлаб 400 нафар журналист қамоққа ташланди.
«Журналистика жиноят эмас ва (бу соҳа) ҳаёт учун хатарли бўлмаслиги керак. Ахборот эса ижтимоий неъмат ҳисобланмоғи даркор», – деди Ҳайко Маас.
Германия ташқи ишлар вазири COVID-19 пандемияси даврида журналистлар фаолияти янада муҳим аҳамият касб этгани, айни чоқда, ўтаётган синовли йилларда бу касб-кор янада қийинлашганини таъкидлаган. Хусусан, Ҳ.Маас кўплаб мамлакатлар коронавирус инфекциясига қарши кураш ниқобида ОАВ ходимлари фаолиятига тўсқинлик қилаётганини қайд этар экан, бу ҳол ёлғон ахборот ёйилишига сабаб бўлишидан огоҳлантирган.
Германия ташқи ишлар вазирлиги сўз эркинлигини бутун дунёда ҳимоя қилишни муҳим вазифалардан бири ўлароқ эълон қилган.
«Эркин, мустақил ва хилма-хил қарашдаги матбуот демократия барқарорлиги тамалларидан саналади. Эркин матбуот тафтиш этади, саҳна ортига назар солади, кенг жамоатчиликни ахборот билан таъминлайди ва ўргатади, ҳисобдорликни талаб этиб, баҳс-мунозараларга чорлайди», – деб ҳисоблайди Германия ТИВ Ҳ.Маас.
3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни санаси 30 йиллик тарихга эга. 1991 йили ЮНЕСКОнинг Виндҳук шаҳрида (Намибия) ташкил этилган анжуманида эркин ва мустақил матбуотни қўллаб-қувватлаш тўғрисида декларация қабул қилинган эди. БМТ Бош ассамблеясининг 1993 йил 20 декабрдаги резолюцияси билан 3 май халқаро байрам санаси ўлароқ эълон қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter