«Каспий денгизида айрим балиқлар йўқ бўлиш арафасида». Эксперт экологик хатарга эътибор қаратди
Трансчегаравий дарё ҳисобланган Ўхчучай дарёси саноат чиқиндилари, оғир металлар ва туз бирикмалари билан ифлослантирилиши туфайли Жанубий Кавказ минтақасининг ҳайвонот олами, ўсимлик дунёси ва экотизими хавф остида қолмоқда, дейди Озарбайжондаги «Эколог-2010» экологик тарғибот жамоат бирлашмаси раиси Салим Балаев маҳаллий матбуотда чоп этилган мақоласида.
Озарбайжон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазирлиги тизимидаги Биологик ресурслар тадқиқот маркази томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра, Каспий денгизида кечи, кутум, Каспий сазани, Шарқ чапағи ва шамайи каби беш турдаги балиқларнинг сони бир неча баробар камайган.
Қайд этилишича, булар асосан чучук сув балиқлари бўлиб, Озарбайжон ҳудудидан оқиб ўтувчи дарёларда яшайди, уруғ қўйиб, кўпайиб, ундан кейинги ҳаётини Каспий денгизида давом эттиради. Жумладан, Ўхчучай дарёсининг асосий қисми Арманистоннинг Суник вилоятида (Озарбайжоннинг Зангазур деб аталадиган тарихий вилояти) жойлашган бўлиб, унинг қуйи оқими Зангилон вилояти ҳудудидан оқиб ўтади.
«Эколог-2010» жамоат бирлашмаси раиси Салим Балаевнинг хавотир билан ёзишича, Ўхчучай Арманистонда гўё саноат чиқиндиларини йиғувчи дарё ролини ўйнамоқда. Қўшни давлатнинг жанубий ҳудудида жойлашган Гажарон мис-молибден ва Ғафан рудани қайта ишлаш заводлари дарёга ортиқча оғир металларни тўғридан-тўғри оқизиши Каспийнинг ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ўхчучай Озарбайжоннинг Арманистон томонидан ишғол қилинган Зангилон вилоятида жойлашгани сабабли 1993 йилдан кейин бу дарёда мониторинг ўтказиш имконсиз бўлган. Орадан 27 йил ўтгач, яъни 2020 йили ҳудуд ишғолдан озод қилингач, экологлар томонидан дарёда мониторинг ўтказиш имконияти пайдо бўлди ва хавотирли фактлар ўртага чиқди. Ҳисоботларга кўра, дарёда мис-молибден бирикмаси миқдори меъёрдан икки баробар, темир тўрт баробар, никел эса етти баробар кўп бўлган, ифлосланиш натижасида дарёнинг ранги ҳам ўзгариб кетган. Озарбайжоннинг «Қизил китоби»га киритилган ўн минглаб тилла ва ширбит балиқларининг оммавий нобуд бўлиши кузатилган.
Расмий Боку халқаро ташкилотларга Ўхчучай экологик инқирози хусусида расмий билдирги юборган.
«Эколог-2010» жамоат бирлашмаси раиси С.Балаевга кўра, Арманистон томонидан Озарбайжонга қарши олиб борилаётган «экологик террор»ни тўхтатиш учун халқаро ташкилотлар амалий ҳаракат қилиши лозим.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter