Литва ҳукумати Путиннинг ядро қуроли тўғрисидаги қарорини таҳдид деб атади
Литва ҳукумати Россия президенти Владимир Путиннинг Беларусь Республикаси ҳудудига тактик ядро қуролини жойлаштириш тўғрисидаги қарорига жавобан бу икки давлатга қарши санкциялар жорий этади.
Литва Ташқи ишлар вазирлигининг расмий баёнотида айтилишича, мамлакат бу қарорни ўз қўшнилари ва бутун Европа қитъасига таҳдид солишга қаратилган ҳаракат деб билади.
«Бу Путин ва Лукашенконинг Европада кескинлик ва беқарорликнинг навбатдаги тўлқинини яратишга қаратилган умидсиз қадамларидир. Бундай ҳаракатлар Беларусни Украина билан урушга ва демократик дунё билан қарама-қаршиликка олиб келади», дейилган баёнотда.
Литва ташқи ишлар вазирлиги Беларусь Болтиқбўйи минтақаси учун қўшимча хавф омили эканлигини, чунки у ўз суверенитетини йўқотиб, Россия агрессиясини қўллаб-қувватлаб, ёрдам бераётгани, шунингдек, Россиянинг ҳарбий режаларига тобора кўпроқ қўшилиб бораётганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 25 март куни Россия президенти Владимир Путин шу йилнинг 1 июлига қадар Беларусь ҳудудида тактик ядровий қуролларни сақлаш омбори қурилиши якунланишини айтган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter