«Мен 30 ёшгача миллионер бўламан»
Ҳар қандай инсон – хом сут эмган банда. У ҳаёт сўқмоқларида қоқилиши, билиб-билмай хатога йўл қўйиши табиий. Ёки ўзига хос феъл-атвори, ёқимсиз-хунук қилиқлари билан ўзгаларни ҳайратга солиши мумкин. Энг ачинарлиси, аллақандай ёвуз кимсалар эзгу ниятда яратилган, башарият корига яраётган ихтиро-кашфиётларнинг айримларидан ғараз мақсадларда фойдаланади. Пировардида эл-улусга ортиқча ғам-ташвиш келтириб, муаллифлари шаънига доғ туширишади. Бундай ҳолатларни сайёрамизнинг энг бой инсонлардан бири – «Microsoft» компанияси асосчиси Билл Гейтс ҳам бошидан кечирган. Лекин у ҳеч қачон танлаган йўлидан қайтмаган, мудом аҳдида собит турган.
Бўлар бола бошидан маълум...
Билл Гейтснинг тўлиқ исм-шарифи Уильям Генри Гейтс III. У 1955 йил 28 октябрда Сиэтлда туғилган. Аждодларидан бири парламент аъзоси ва шаҳар мэри бўлган, бобоси АҚШ Миллий банкининг вице-президенти вазифасини адо этган. Отаси Уильям Генри Гейтс II ниҳоятда обрў-эътиборли ҳуқуқшунос эди. Онаси – уч фарзандли уддабурон бизнесмен Мэри Максвелл Гейтс эса United Way уюшмасининг миллий ижро қўмитаси таркибига киритилган биринчи аёл саналарди.
Билл нуфузли оилада дунёга келиб, яхши тарбия топгани, доимо катталарнинг панд-насиҳатига қулоқ тутгани боис, болалигиданоқ пухта билим олиш пайида бўлади. Айниқса, математика фани ва техник қурилмаларга астойдил қизиқади. 13 ёшида илк бор компьютерни кўради, ундан фойдаланиб, бошқа тилларни ўрганишга интилади. Кўп вақтини дастурлашни тушуниб олиш ва янгиларини яратишга сарфлайди. Дебочасига BASIC воситасида «Кректики-нолики» ўйинини ишлаб чиқади. Шу асно мактаб компьютерига ўғринча кириб, унинг дастурига тааллуқли махфий маълумотларни зимдан ўзлаштиради.
Эвазига тегишли тартибда жазоланади, шунинг баробарида, шаҳар компьютер марказида дастурчи сифатида ишлашга таклиф этилади. Мактаб раҳбарлари эса ундан компьютерда дарслар жадвалини ёзиб беришини сўрашади.
Билл 7-синфни битиргач, таълим-тарбия аъло даражада йўлга қўйилган «Lakeside»да, яъни аслзодалар зурриётларига мўлжалланган хусусий мактабда ўқий бошлайди. Бу даргоҳда дастурлаш бўйича аввал орттирган билим-кўникмаларини янада мустаҳкамлайди. Янгилик яратиш илинжида компьютерхонага танда қўяди. Ҳафтасига 20–30 соат вақтини, ҳатто дам олиш кунларини ҳам уч нафар ўртоғи билан шу ерда ўтказади. Алалоқибат, паролни ўмаришда гумон қилингани ҳамда Computer Center Corporation компаниясига тегишли компьютерни зўриқтириб ишдан чиқаргани сабабли ёз бўйи ундан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Билл 16 ёшида TRW корпорациясига ишга киради, бир йилдан сўнг меҳр-оқибатли шериклари иштирокида йўл трафикларини аниқлаш ва ҳисоботлар тайёрлашда соҳа муҳандисларига асқатадиган асбоблар ишлаб чиқарадиган Traf-O-Data компаниясини ташкил қилади. Бу ускуналарни сотиш 1972–1982 йилларда компанияга 794,31 миллион доллар даромад келтиради. Натижада тиниб-тинчимас йигитлар билан ҳамкорлик қилиш истагида бўлганлар сафи кенгаяди.
32 йилдан кейин берилган диплом
Гарвард университети халқаро миқёсда мавқеи баланд олий таълим муассасалари сирасига киради. Унда кўплаб машҳур инсонлар қатори АҚШнинг етти нафар собиқ президенти, чунончи, Рузвельт, Жон Кеннеди, кичик Жорж Буш, Барака Обама таҳсил олган. 1973 йили Билл ҳам шу қутлуғ даргоҳда ўқиш бахтига муяссар бўлади.
Чамаси, у ўша кезлардаёқ келажагини олдиндан кўра билган. Шунданми, «Мен ўттиз ёшга етгунимча миллионерга айланаман!» деган гапни бот-бот такрорларди. «Келажакда ҳар бир уй ва ишхонада, ҳар қайси стол устида компьютер бўлиши шарт! Унинг ёрдамида кўп ишларни бажариш мумкин!» деган фикрни ҳам тез-тез айтарди. Устозлари ва курсдошлари эса, Биллнинг устидан кулишарди. Гарчи моҳир дастурчи эканлигини якдиллик ила эътироф этишса-да, сўзларини мақтанчоқликка, орзуларини хомхаёлга йўйишарди.
Гейтс иккинчи босқич ниҳоясида талабалар сафидан чиқарилди. Бунга компьютерда ишлашга муккасидан кетгани, дам-бадам дарс қолдиргани ва имтиҳонлардан ўтолмагани сабаб бўлди. Аммо у ўқишдан ҳайдалганига кўпам ачинмади. Дастурий таъминотлар яратиш бўйича олиб бораётган изланишларини янада авж олдирди ва тез орада мураккаб математик масалани ечадиган дастурни кашф қилди. Альбукерке шаҳрига кўчиб ўтгач, қадрдон дўсти Пол Аллен билан маслаҳатлашиб, микропроцессорлар учун кодлар ёзадиган, буюртмаларга биноан дастурлар тайёрлаб берадиган Microsoft компаниясига асос солди. Унинг акцияларидан 64 фоизи ўзига, 36 фоизи Поллга тегишли эди.
Мазкур компания компьютерлар учун замонавий қурилмалар, лицензияланган операцион тизимлар ва дастурий таъминот омилларини етказиб беришга ҳаракат қилди. Эзгу ниятда турли фирма ва компаниялар билан алоқаларини мустаҳкамлади. Басма-басига Windows 95 операцион тизимини ишлаб чиқиб, компьютер технологиялари оламида росмана инқилоб ясади.
Буларнинг барчаси Билл Гейтс оламшумул ютуқларга эришиши ва шон-шуҳрат чўққисига кўтарилиши учун пухта замин ҳозирлади. Аммо мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш, сунъий ғовларни енгиб ўтиш осон кечмади. Негаки, Биллни товламачилик йўли билан чув тушириб кетганлар ҳам, дастур-ғоялар ўғриси ва монополиячи сифатида айблаб, маломат тоши отганлару ҳар хил уйдирма тарқатганлар ҳам кўп бўлди. У чидади, ҳаммасига бардош берди.
1986 йили Microsoft биржа савдосига чиқарилди. Билл унинг қолган барча акцияларини сотиб олиб, том маънода ўта забардаст мулкдорга айланди. Кейинчалик компания тушумлари жадал суръатларда кўпайди. Шунинг самараси ўлароқ, 1994 йили Билл Гейтс 9,35 миллиард долларга эга чиқиб, жаҳоннинг энг бой тадбиркорлари орасида биринчиликни эгаллади. Бу борадаги ғолибликни қаторасига 14 йил қўлдан бой бермади. Яна денг, салкам чорак аср «АҚШнинг энг бадавлат одами» рейтингида етакчилик қилди. Фақат 2018 йил 90 миллиард доллар билан бир поғона пастга тушди. Бундан қатъи назар, йиллар оша даромадлари ҳисобидан 10 миллиард доллардан зиёд солиқ тўлади.
Дунё дунё бўлиб, ҳали бирон-бир миллионер ёки миллиардер давлат ғазнасига бунча пул топширмаган бўлса керак.
Билл Гейтс ҳаётида 2007 йил унутилмас из қолдирди. Чунки Гарвард университети раҳбарияти 32 йил бурун ўқишдан четлатилган собиқ талабасига битирувчи мақомини берди ва уни фахрий доктор даражасига лойиқ кўрди.
Агар у вафот этса...
Билл Microsoft компаниясини 2008 йилгача бошқарди. Ўтган давр мобайнида ўзининг Corbis ва «bgC3« компанияларини тузди, MS Office, IE, Java учун Macintosh маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ведиоалоқани жорий этиш, турли йўналишларда илмий изланишлар олиб бориш чораларини кўрди. Ахборот технологиялари равнақи ва бизнес муаммоларига бағишланган китоблар битди. Сўнгра шаффоф энергия манбалари яратишга ажратиладиган давлат инвестицияларини беш йилда икки баравар кўпайтириб, 20 миллион долларга етказиш ташаббуси билан чиқди. «Facebook» ижтимоий тармоғи асосчиси Марк Цукерберг билан бирга, хусусий инвестицияларни тоза ва муқобил энергия манбаларини ахтариб топиш ва ишлаб чиқишга жалб этувчи Breakthrough Energy Coalition жамғармасини очди. 2004 йилги президент сайлови тадбирларига 33.335 доллар ажратди, ўша йили Berkshire Hathaway кенгашига аъзо бўлди. Самарали хизматлари учун турли орден ва унвонлар билан тақдирланди, ўзи йил одами деб топилиб, АҚШнинг энг катта ҳурматга сазовор эркаклари рўйхатида 5-ўринни эгаллади.
Яна бир гап. Гейтс донгдор ишбилармон ва сармоядор Уорен Баффетт ҳамкорлигида бутун дунё бойларини хайр-эҳсон қилишга чорловчи «Тортиқ қилиш қасамёди» компаниясини шакллантирди. Бу даъватни юздан ортиқ миллиардер маъқуллади ва шахсий маблағларининг ярмини савобли ишларга сарфлашга ваъда берди.
Гейтс Microsoft раҳбарлигидан воз кечгач, бир муддат корпорация директорлари кенгаши раиси вазифасини бажарди. Бутунлай истеъфога чиққандан кейин эса ўз ва рафиқаси Мелинданинг исми билан аталувчи жамғармасини тузди. Ҳозиргача бешта хайр-саховат ташкилотига 37 миллиард, бошпанасизларга 500 миллион доллар инъом қилди. Таъкидлашларича, у бандаликни бажо келтирса, бор сармоясининг атиги 10 миллион доллари фарзандларига тақсимлаб берилади, қолганлари тўлиғича жамғармаси ҳисобига ўтказилади.
Гейтс кошонаси
Шубҳасиз, катта бойлик эгаларининг турмуш тарзи ва сарф-харажатлари ҳам шунга яраша бўлади. Мана, Билл Гейтсдан қиёс. У Вашингтон штатининг сўлим гўшасидаги каттароқ ерни 1988 йили 2 миллион долларга харид қилган. Шу ерда қад ростлаган «Занаду 2.0» деб аталувчи маҳобатли тураржой қурилиши учун эса етти йил мобайнида 63 миллион доллар сарфлаган.
Уй асосан Орегон қарағайи ёғочидан тикланган ва исталган даражада иситиш-совитиш ёки ёритишга хизмат қилувчи сенсорлар, лазерли қўриқлаш воситалари билан жиҳозланган. Электрон гулқоғозлар ёпиштирилган деворлардаги суратлар пульт ёрдамида ўзгартирилади. Хоҳлаганлар уларни экранлар орқали кўришлари ҳам мумкин.
Бу кошонада катта сузиш ҳавзаси, 4 та душ ва 2 та ечиниш хонаси, 24 та ваннахона, сауна, тренажёр заллари, сакратадиган капрон тўр, 6 та ошхона, 200 ўринли зиёфат зали, 1 та бар, 20 ўринли уй кинотеатри, мусиқий тизим, Гейтс 1994 йили кимошди савдосида 30,8 миллион долларга сотиб олган Лестер кодекси, Леонардо да Винчининг XIV асрга оид қўлёзмаси сақланаётган катта кутубхона, меҳмонхона, 23 та машина сиғадиган гараж бор.
Турли электрон қурилмаларга тўла бу иморатнинг қиймати 124 миллион доллар атрофида, йиллик солиғи эса миллион доллардан ошади.
Кўриб турганингиздек, ҳақиқий тадбиркорлар ва ишбилармон мулкдорлар доимо мамлакатга наф келтиради, ҳалол меҳнатлари, беминнат ҳимматлари билан тараққиётга ва турмуш фаровонлигига улкан ҳисса қўшади.
А.Ҳайдаров


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter