МРБ жаҳон урушидан огоҳлантирди! Қачон? Қаерда? Нима учун?
Марказий разведка бошқармаси чоп этган маърузага кўра, яқин ўн йилликларда сайёрадаги иқлим ўзгариши сабабли дунёга глобал ҳарбий можаро хавф солади.
«Иқлим ўзгаришининг кучайиб бораётган жисмоний таъсири трансчегаравий геосиёсий қайноқ нуқталарни янада зўрайтириб юбориши ҳеч гап эмас. Негаки давлатлар ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун тегишли чора кўришади», – дейилади ҳужжатда.
Муаллифларнинг фикрича, 2040 йилгача дунёда «иқлим тўқнашувлари» бошланади, бунда томонлар бир-бирига қарши қурғоқчилик ва сув тошқини каби табиий офатларни кучайтирувчи технологияларни қўллайди. Гап, биринчи навбатда, геомуҳандислик технологиялари ҳақида бормоқда.
Мутахассислар, шунингдек, глобал исишнинг олдини олиш учун иссиқхона газлари чиқишини камайтиришни назарда тутувчи иқлим бўйича Париж битимини амалга ошириш юзасидан келишмовчиликлар бўйича мамлакатлар ўртасида кескинлик кучайиб боришидан огоҳлантирмоқда.
«Aксарият давлатлар қийин иқтисодий чекловларга дуч келишади ва кейинчалик чиқиндиларни тезда қисқартириш учун технологик ютуқларга умид қилишлари мумкин бўлади. Ҳароратнинг кўтарилиш траекториясини аниқлашда Хитой ва Ҳиндистон ҳал қилувчи рол ўйнайди», – дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, ҳисобот муаллифлари ривожланаётган мамлакатларда иқлим ўзгариши таъсири туфайли ички можаролар хавфи келиб чиқишини таъкидлаганлар, чунки бу давлатлар янги шароитларга мослашишга қийналишади.
Иқлим урушидаги потенциал истиқболли нуқталарга Конго, Ҳинд, Меконг ва Нил дарё ҳавзалари каби минтақалар киради. У ерда низолар дарё каналларининг ўзгариши ва сув оқимларининг йўналиши туфайли юзага келиши мумкин.
Ҳисоботда глобал иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларидан энг кўп азият чекувчи 11 давлат санаб ўтилган. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу давлатлар омон қолиш учун ҳаддан ташқари чоралар кўриши мумкин. Гап, хусусан, ядро қуролига эга бўлган Хитой, Ҳиндистон ва Покистон, шунингдек, Aфғонистон, Шимолий Корея, Мьянма ҳамда Марказий ва Жанубий Aмериканинг бир қатор давлатлари ҳақида бормоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter