Нидерландия ўғирланган тарихий бойликларни эгаларига қайтаради
Нидерландия мустамлака даврида ўғирлаб кетилган юзлаб осори атиқа ва маданий бойликларни Индонезия ҳамда Шри-Ланкага қайтаради. Ҳукумат колониялардан ташиб кетилган маданий бойликларни тадқиқ этиш бўйича махсус комиссия тавсиясига кўра шундай қарор қабул қилган.
Қўмита 2020 йилда эълон қилган ҳисоботда Нидерландия ҳукумати адолатни тиклаш учун собиқ колониялардан келтирилган тарихий ашёлар, санъат асарларини ўз эгаларига қайтариши лозимлиги уқтирилган.
«Биз Нидерландия эгалик қилиши лозим бўлмаган атиқаларни илк бор қайтармоқдамиз. Биз уларни шунчаки қайтариб қолмай, янги даврни ҳам очмоқдамиз. Эндиликда Индонезия ва Шри-Ланка билан янада яқин ҳамкорлик ўрнатамиз», – дейди Нидерландия маданият вазири Гунай Услу.
Индонезияга қайтарилаётган маданий бойликлар орасида «Ломбок хазинаси» ҳам бор. 1894 йилда голланд ҳарбийлари Индонезияга қарашли шу номли оролдаги қасрдан қимматбаҳо тошлар, тилла ва кумуш буюмларни ташиб кетган.
Шри-Ланка эса қимматбаҳо тошлар билан безатилган, XVII асрга оид бронза тўпни қайтариб олади. Ҳозирга қадар Амстердам давлат музейида сақланган осори атиқа тарихан Шри-Ланка ҳудудидаги Канди қироллиги мулки бўлган. 1756 йилда қироллик голландлар томонидан босиб олинган.
Нидерландия ўз даврида дунё бўйлаб қатор мамлакатларни, жумладан, Индонезияни мустамлака қилган. Кейинги йилларда Амстердам ҳукумати колониал тарихни танқидий асосда қайта кўриб чиқмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Нидерландия бош вазири Марк Рютте қиролликнинг қулдорлик борасидаги тарихий хатоси учун расман узр сўради. XVI–XVII асрларда Нидерландия Африка қитъасидан Жанубий Америка ва Кариб оролларига минглаб одамни қул сифатида келтирган. XIX асрга қадар қулдорлик давлат иқтисодиётининг муҳим йўналиши саналган.
Ўтган ҳафта мамлакат қироли Виллем-Александр ҳам қулдорлик даври хатолари учун узр сўради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter