Нидерландияда Трамп боши шаклидаги хавфли дорилар пайдо бўлди
Нидерландияда Трамп боши шаклидаги хавфли таблеткалар сабаб «қизил хавф даражаси» эълон қилинди.
Нидерландияда руҳий саломатлик ва гиёҳвандлик муаммоларига ихтисослашган институт бозорда пайдо бўлган Доналд Трамп боши шаклидаги экстази таблеткалари сабаб «қизил хавф даражаси»ни эълон қилди. Олимлар ушбу таблеткалар ўлимга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Утрехт шаҳрида жойлашган Тримбос институти август ойида текширув марказларига бир нечта шундай таблеткалар келиб тушганини маълум қилди. Уларда пара-метоксиметамфетамин (PMMA) деб аталувчи кимёвий модданинг «жуда юқори» миқдори аниқланган.
«Ушбу таблеткани ҳеч қачон истеъмол қилманг», — дейилади институт огоҳлантиришида. Қайд этилишича, ушбу наркотик моддани истеъмол қилиш организмнинг ҳаддан ташқари қизиб кетишига ва бунинг оқибатида ўлимга олиб келиши мумкин.
Институт таблеткаларнинг фотосуратларини ҳам эълон қилди. Уларнинг бир томонида Трампнинг юзи, иккинчи томонида эса «Trump» ва «NL» ёзувлари тасвирланган.
Таблеткани қабул қилгандан бир неча соат ўтиб одамда кўнгил айниши, юрак уришининг тезлашиши ва тиришишлар кузатилиши мумкинлиги айтилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter