Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Адолатли дунё қуриш учун курашган аёл...

Адолатли дунё қуриш учун курашган аёл...

Фото: Интернетдаги очиқ манбалар

1950-йилларнинг бошларида Бруклин (Ню-Йорк)да Жуди Ҳейман исмли кичкина қиз давлат мактабидан ҳайдалди. Бунга сабаб расмийлар унинг ногиронлар аравачасини “ёнғин хавфи бор” деб баҳолашгани бўлди. Бошқа болалар билан тўлақонли билим олиш ўрнига, унга ҳафтасига атиги икки соат уйда ўқиш таклиф қилинди. Аммо Жуди Ҳейман четлатилишни кескин рад этди.

18 ойлигида полиомиелитга чалинган қизалоқ бир умрга ногиронлик аравачасига михланиб қолганди.

Жуди яшаётган дунё унга ўхшаган одамлар учун яратилмаган эди — на бинолар, на мактаблар ва на қонунлар. Аммо буни жимгина қабул қилиш ўрнига, у дунёни қайта тиклашга қарор қилди.

1970 йилда Ню-Йорк Шаҳар таълим кенгаши фавқулодда ҳолатларда синфни эвакуация қила олмаслигини айтиб, унга ўқитувчилик лицензиясини беришдан бош тортди. Лекин у ишдан кетмади, кенгашни судга берди ва ғалаба қозонди. Бироқ асосий жанг ҳали олдинда эди.

1977 йилда Ҳейман Америка тарихидаги аксарият одамлар ҳали гувоҳ бўлмаган энг шов-шувли норозиликлардан бирини ташкил этишга ёрдам берди.

Фаоллар Китти Коун ва Мэри Жэйн Оуэн билан биргаликда у 150 дан ортиқ ногиронларни Сан-Франциско федерал биносига олиб келди ва у ерда улар 25 кун муқим қолишди. Шу кунлар давомида ҳаммаси полда ухлашди. Ҳукумат Реабилитация тўғрисидаги қонуннинг 504-бўлими — ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи илк федерал қонунлардан бирини қабул қилмагунга улар кетишдан бош тортишди.

Бу Қўшма Штатлар тарихидаги федерал бинода намойишчиларнинг энг узоқ ўтириши бўлди. Ва бу иш берди. Бу туртки 1990 йилда миллионлаб имконияти чекланганларни иш билан таъминлаш, таълим, транспорт ва ижтимоий ҳаётда камситишдан ҳимоя қилувчи энг кенг қамровли фуқаролик ҳуқуқлари қонунларидан бири – “Америка ногиронлари тўғрисида”ги қонунни қабул қилишга йўл очиб берди.

ADA (Americans with Disabilities Act of 1990) кучга киргандан сўнг, Ҳейман АҚШ таълим вазири ёрдамчиси лавозимини эгаллади ва ўз миссиясини бутун дунё бўйлаб амалга оширишга киришди, ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги миллий қонунларини ишлаб чиқишда ёрдам бериш учун ўттиздан ортиқ мамлакатларга ташриф буюрди.

Жуди Ҳейман 2023 йил март ойигача, яъни умри охиригача янада адолатли дунё қуриш учун курашни бир зум тўхтатмади.

У бир марта бугунги кунда ҳам долзарб бўлган гап айтганди: “Жамият бизни ҳаёт учун зарур бўлган барча нарсалар билан таъминлай олмагандагина ногиронлик фожиага айланади. Ногиронлар аравачасида яшашим мен учун фожиа эмас. Ўзгариш ҳеч қачон биз ўйлаган суръатда содир бўлмайди. Аста-секин, жуда секин нимадир юз бера бошлайди ва кейин бирдан, гўё кутилмаганда, нимадир ўзгаради”.

Жуди Ҳейманга бир куни у синфга тегишли эмаслиги айтилган эди. У охир-оқибат синф хонасидан бошлаб дунёни ўзгартирди.

Усмонжон Йўлдошев тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг