Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Норасида болаларнинг боши кесилган» – этни жунжиктирувчи ваҳшийлик тафсилотлари очиқланди

«Норасида болаларнинг боши кесилган» – этни жунжиктирувчи ваҳшийлик тафсилотлари очиқланди

Фото: «AFP»

2017 йилдан буён фуқаролик уруши ҳолатида бўлган Мозамбик давлатида жангарилар норасида болаларга нисбатан ваҳший жиноятлар содир этгани маълум бўлди. Бу ҳақда жабрдийда оналар «Save the Children» гуманитар ташкилоти вакилларига сўзлаб берди.

Кабу Делгаду музофотида яшовчи аёллардан бирининг ҳикоя қилишича, жангарилар бостириб келган пайтда у 3 нафар фарзанди билан пана жойга яширинишга уринган, аммо 12 ёшли ўғли ғаним қўлига тушган. Террорчилар онаси кўз ўнгида болакайнинг бошини танасидан жудо қилган. Боёқиш аёл нола чекиб қолаверган. Ҳужум пайти аҳоли уйларига ҳам ўт қўйилган.

«Save the Children» ташкилотининг Мозамбикдаги ваколатхонаси раҳбари Чанс Бриггс болаларга нисбатан жиноятларни ақл бовар қилмас ваҳшийлик деб атаган.

«Жабрдийда оналарнинг маҳзун ҳикояларини тинглаб ўзимиз ҳам кўз ёшларимизни тия олмаяпмиз», – дейди гуманитар ташкилот вакили.

Мозамбик қишлоқларига ҳужум уюштираётган жангарилар «Аш-Шабоб» гуруҳи аъзолари экани айтилади. Ушбу экстремистик тўда «Ислом давлати» террорчи гуруҳига содиқлик ҳақида қасамёд қилган. Мозамбикдаги жангари гуруҳнинг етакчилари ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Ушбу тўда мамлакат ҳукуматини адолатсизлик ва зулмда айблаб келади.

2017 йили, Кабу Делгаду музофотида ҳукумат кучлари ва жангарилар ўртасида қуролли тўқнашувлар бошлангандан буён 2500 киши ҳалок бўлди, 670 минг киши бошпанасидан айрилди.

2020 йил ноябрь ойида Кабу Делгадудаги стадионда жангарилар томонидан 50 дан ошиқ маҳаллий аҳоли вакили қатл этилгани хабар қилинган.

Мозамбик ҳукумати террорчиларга қарши курашиш учун халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўраган. АҚШ маҳаллий аскарларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш борасида кўмак ваъда қилган. Вашингтон, шунингдек, тиббий жиҳозлар ва алоқа воситалари етказиб берилишини ҳам маълум қилган.

«Save the Children» ташкилоти вакили Чанс Бриггс мамлакатда зўравонлик авж олишига тенгсизлик ҳам сабаб бўлиши мумкинлигини айтади.

«Мозамбик дунёнинг энг қашшоқ мамлакатлари рўйхатида 8-ўринда туради. Кабу Делгаду эса Мозамбикнинг энг қашшоқ музофотидир. Айни чоқда, ушбу ҳудудда улкан табиий бойликлар захираси мавжуд. Айримлар табиий бойликлар адолатсиз тақсимланмоқда деб ҳисоблайди ва айни шу жиҳат зиддият сабабларидан бири саналади», – дейди Чанс Бриггс.

Африканинг жануби-шарқида жойлашган Мозамбик 1975 йилга қадар Португалия мустамлакаси бўлган. Мамлакат бой табиий ресурсларга эгалик қилаётганига қарамай, ҳозирча қашшоқлик домидан чиқиб кета олмаётир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг