ОАВ: Хитой мамлакатдан чиқиб кетиш жараёнини қийинлаштирмоқда
Хитой Давлат Кенгаши расмийларнинг саёҳатни чеклаш ваколатларини кенгайтирадиган янги чиқиш ва кириш қоидаларини эълон қилди.
Ўзгаришлар умуман чегаралараро фаолиятни бошқаришга қаратилган, аммо асосан ҳозирда миллий хавфсизлик масаласи деб ҳисобланадиган «истеъдод, технология, ахборот ва ижтимоий тармоқ маълумотлари» нинг чиқиб кетиши устидан назоратни кучайтиради. Бу ҳақда Тайваннинг Taipei Times газетаси хабар тарқатган.
15 сентябрдан кучга кирадиган янги қоидалар 19 қисмдан иборат. Уларга кўра, саёҳатчилар «ҳақиқий ва қонуний» асосларни тақдим этишлари керак. Божхона ходимларига саёҳатнинг кўрсатилган мақсади ҳақида сўраш ва мобил телефонлардаги электрон маълумотларни текшириш ваколати берилади.
Ҳукумат, шу жумладан минтақавий ҳокимиятлар, агар фуқаролар миллий хавфсизлик ёки манфаатларга зарарли бўлган ҳар қандай фаолият билан чет элда шуғулланганликлари аниқланса, уларга уч йилгача мамлакатдан чиқиб кетишни тақиқлашлари мумкин.
Янги қоидаларга мувофиқ технологиялар экспорти ёки савдо қоидаларини бузганлар Хитойнинг саноат ёки технологик хавфсизлигига таҳдид солганликлари учун жавобгарликка тортиладилар. Улар тегишли идоралар, жумладан, Савдо вазирлиги томонидан саёҳат тақиқларига, шу жумладан ходимларнинг саёҳатларига тақиқларга дуч келишлари мумкин. Қоидалар, шунингдек, таълим ва иммиграция билан боғлиқ халқаро саёҳатларни ташкил этувчи воситачиларга нисбатан назоратни кучайтиради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter