Олган Бекар: 2016 йил 15 июлда мамлакатимиз ва халқимиз ўзининг яқин тарихдаги энг катта синовларидан бирини бошидан кечирган
Кеча Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонасида 15 июль – Демократия ва миллий бирлик куни муносабати билан хотира тадбири бўлиб ўтди.
Бундан етти йил олдин FETO террорчи ташкилоти томонидан Туркияда давлат тўнтаришига уриниш бўлган эди. Натижада 250 киши шаҳид бўлган, 2000 киши турли даражада жароҳатланганди. Президент саройи, Буюк миллат Мажлиси биноси, Бош вазирнинг Чанкая қароргоҳи, Анқара вилоят хавфсизлик ҳамда Бош жандермия ва бир қатор стратегик бинолар ўққа тутилди, бомбалар ташланди. Ҳарбий исён асосан Туркиянинг Анқара ва Истанбул шаҳарларини қамраб олганди. Мамлакат Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған телевизор орқали туркияликларга мурожаат билан чиқди. Халқ ўз раҳбари атрофида жипслашди, кўчага чиқди, исёнчиларга қаршилик кўрсатди. Натижада мамлакатдаги таҳликали вазият 22 соат ичида назоратга олинди. Давлат тўнтаришига уриниш 2016 йилнинг 15 июль куни соат 22:00да бошланган бўлса, 2016 йилнинг 16 июль куни соат 20:02да тўлиқ бостирилди. Халқ ўз иродасини кўрсатди, давлат мустақиллигини мардонавор ҳимоя қилди.
Хотира тадбирида Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқуллода ва мухтор элчиси Олган Бекар нутқ сўзлади.
– 2016 йил 15 июлда мамлакатимиз ва халқимиз ўзининг яқин тарихдаги энг катта синовларидан бирини бошидан кечирди, – деди Олган Бекар ўз сўзида. – Бу ғалаба Туркиянинг ўз давлати ва халқи билан жипслашиб, демократияга содиқлигини бутун дунёга кўрсатди.
Маросимда Туркия ва Ўзбекистон мадҳиялари янгради, шаҳид кетганлар хотирасига Қуръон тиловат қилинди. Иштирокчилар эътиборига ўша мудҳиш воқеалар акс этган видео ва фотокўргазма намойиш қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 15 июль – Демократия ва миллий бирлик куни муносабати билан хотира тадбирлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлиб ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter