«Онгли равишда одамлар ҳаёти хавфга қўйилмоқда» – ЕИ Беларусь маъмуриятини гибрид ҳужумда айблади
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Беларусь билан чегарадаги ҳолат бўйича баёнот берди.
«Охирги кунларда биз оммавий ахборот воситаларида Беларусдаги вазиятни бирёқлама ёритувчи маълумотлар фаол тарқатилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Беларусь режими онгли ҳолда ва беҳаёлик билан одамларнинг ҳаётини хавф остига қўймоқда. У одамлардан ўзининг сиёсий мақсадлари учун фойдаланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёрдамида одамларни чегарага жўнатиш ва уларнинг ғайриинсоний ва даҳшатли қиш шароитида қайтишига тўсиқ қўймоқда», – дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, бу Беларусь маъмуриятининг ЕИга қарши, мамлакатдаги вазиятдан чалғитиш мақсадига амалга ошираётган гибрид ҳужумидир.
«Режим бу инқирозни ўтган йилги ўғирланган сайловларга муносабатимиз ва унинг фуқаролар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятига нисбатан қўллашда давом этаётган шафқатсиз қатағонлари ва таъқибларига жавоб сифатида Европа Иттифоқига босим ўтказиш учун яратди», – дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, ЕИ Минск режими томонидан содир этилган даҳшатли инсон ҳуқуқлари бузилиш ҳолатларини диққат билан кузатиш ва кескин қоралашда давом этади.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил август ойида Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловида Александр Лукашенко ғолиб бўлганини эълон қилгач, ўн минглаб аҳоли сайлов сохталаштирилгани билдириб норозилик намойиши ўтказди.
Ғарб мамлакатлари ҳамда мухолифат сайлов натижасини тан олмади. Норозилик намойишларини бостириш мақсадида кўп сонли фаоллар қамоққа ҳукм қилинди, аксар мухолифат етакчилари қамалди ёки хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлди.
ЕИ ҳамда АҚШ инсон ҳуқуқлари ва эркинликлар бузилиши сабаб Лукашенко маъмуриятига санкциялар жорий этди. Май ойида Литвага учаётган «Ryanair» ширкати самолёти Минскда мажбурий равишда қўндирилиши ва мухолиф журналист Роман Протасевичнинг қамоққа олиниши ортидан санкциялар янада кучайтирилди.
ЕИ ҳодисани қароқчилик деб атади ва Европа ҳаво ҳудудларини Беларусь авиаташувчиларига ёпди. Лукашенко эса бунга жавобан ноқонуний миграцияга қарши битимга риоя қилмаслигини маълум қилди.
Маълумотларга қараганда, ёз ойларидаёқ Ироқ ва Суриядан Беларусга самолётда мигрантлар келтирила бошлаган. Шу тариқа ЕИ сарҳадларида Яқин Шарқ ва Африкадан келган бир неча ўн минг муҳожир тўпланган, муҳожирлар лагерлари юзага келган.
Таҳлилчиларга кўра, расмий Минск мигрантлардан фойдаланган ҳолда ЕИга босим ўтказмоқчи ва жорий этилган санкцияларни енгиллатишга эришмоқчи.
«Лукашенко энг камида ЕИдан қасос олишни, Беларусь саноатининг муҳим йўналишларига зарба берган санцияларни юмшатишни кўзламоқда. Беларусь маъмурияти ЕИни музокаралар ва савдолашувга кўндиришга уринмоқда. Муҳожирлар эса Минск бошлаган гидрид урушда шунчаки восита бўлиб хизмат қилмоқда», – дейди мустақил таҳлилчи Валерий Карбалевич.
Эстония ташқи ишлар вазири Эва-Мария Лийметснинг фикри ҳам буни тасдиқлайди. Вазир хонимга кўра, Александр Лукашенко ЕИ уни Беларусь президенти сифатида тан олса ҳамда санкцияларни юмшатса, миграция инқирозини бартараф этишга ваъда берган.
17 ноябрь куни ЕИ Польша ҳамда Беларусь чегарасида тўпланган мигрантларга 700 минг евро кўмак ажратилишини эълон қилди. Қизил хоч ва Қизил яримой халқаро ҳаракати тасарруфига ўтказиладиган маблағ муҳожирларни озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа муҳим буюмлар билан таъминлашга йўналтирилади.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter