Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Оқ уй Россиядаги эҳтимолий ўлат ҳолатини кузатмоқда – Axios

Оқ уй Россиядаги эҳтимолий ўлат ҳолатини кузатмоқда – Axios

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Россиянинг Иркутск вилоятида ўлат касаллиги билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган ҳолатни кузатмоқда. Бу ҳақда Axios АҚШ маъмурияти вакилига таяниб хабар берди.

Гап Иркутск ўлатга қарши кураш институтининг 28 ёшли ходими Дарья Шипилованинг вафоти ҳақида кетмоқда. Маҳаллий ОАВ маълумотига кўра, у 25 сентябр куни лабораторияда ўлат қўзғатувчиси бўлган пробиркани синдириб қўйган бўлиши мумкин. 2 октябрга ўтар кечаси Шипилова вафот этган.

Шундан кейин Иркутск ва Шелеховда эпидемияга қарши чоралар кучайтирилди. Бир нечта шифохона карантинга ёпилди, марҳума билан мулоқотда бўлган қарийб 200 киши тиббий кузатувга олинди ёки изоляция қилинди.

Бироқ Россия расмий идоралари ҳозирча Шипилованинг ўлатдан вафот этганини тасдиқлагани йўқ. Роспотребнадзор унинг ташхисини «этиологияси аниқланмаган пневмония» деб кўрсатмоқда ва текширувларда унинг касбий фаолияти билан боғлиқ микроорганизмлар аниқланмаганини билдирган.

Axios маълумотига кўра, Оқ уй вазиятдан хабардор ва унинг ривожини кузатиб бормоқда. АҚШ томони эҳтимолий жавоб чораларини ҳам кўриб чиқаётгани айтилган.

Ўпка ўлати одамдан одамга нафас йўллари орқали юқиши мумкин. Аммо касаллик ўз вақтида аниқланса, антибиотиклар билан даволаниш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, бир муддат олдин Ўзбекистон томони ҳам ушбу ҳолат ортидан мамлакатда тегишли чоралар кўрилгани ҳақида баёнот берган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг